Дам олиш кунлари Италия чемпионатида 35-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга лойиқ бўлган бир қанча воқеалар юз берди.

ТУРИН ДЕРБИСИДА КУЧЛАР ТЕНГ КЕЛДИ

«Ювентус» ўз майдонида «Торино» билан ўйнади. Чемпион учун бу баҳс мусобақа нуқтаи назаридан ҳеч қандай аҳамият касб этмаса-да, Аллегри Турин шаҳри дербисига асосий таркибни туширмасликка ҳаққи йўқ эди. Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун кураш олиб бораётган «Торино»нинг эса иштиёқи баланд бўлди.

1-бўлим тенг курашлар остида ўтди. Бироқ, меҳмонлар рақиб хатосидан унумли фойдаланиб қолишди. Куадрадо ва Пьяничнинг эътиборсизлигидан сўнг, тўпни эгаллаб олган Лукич дарвозанинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди. Шундан сўнг «Торино» ишончли тарзда ўйнади ва рақибга ўз дарвозаси олдида хавфли вазият яратишга деярли имкон бермади. Бироқ катта саҳнага «Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналду чиқди. У сўнгги дақиқаларда Спинаццола томонидан етказилган тўпни боши билан дарвоза тўрига йўллаб, ҳисобни тенглаштирди ва жамоадошларини танқид ўқларидан қутқариб қолди – фанатлар ва раҳбарият уй дербисидаги мағлубиятни оқламаган бўлишарди.

Бу натижадан сўнг «Ювентус»нинг очколари 89тага етди, «Торино» 57 очко билан 6-ўринда бормоқда.

Ювентус – Торино 1:1 (0:1, 1:0)
3 май, «Альянц Стэдиум» стадиони
Голлар: 0:1 – 18 Лукич, 1:1 – 84 Роналду.
Ювентус – Шченсни, Жоау Канселу, Бонуччи, Кьеллини, Спинаццола, Куадрадо (Матеус Перейра, 78), Пьянич, Матюиди, Бернардески (Де Шильо, 85), Роналду, Кин.
Торино – Сиригу, Иццо, Нкулу, Бремер, де Сильвестри (Дзадза, 89), Мейте, Ринкон, Лукич (Айна, 79), Ансальди, Белотти, Беренгер (Базелли, 70).
Огоҳлантиришлар: Матюиди (34), Ринкон (49), Лукич (68), Бонуччи (71), Бернардески (82), Бремер (90).

«НАПОЛИ» 98-ДАҚИҚАДА УРИЛГАН ГОЛ ЭВАЗИГА ҒАЛАБА ҚОЗОНДИ

«Наполи» ўз майдонида «Кальяри»ни қабул қилди. Ҳар иккала жамоанинг мусобақадаги кураш иштиёқи аллақачон сўнган эди. «Наполи» чемпионни қувиб ўтолмаслиги ва 2-ўринни ҳам бой бермаслиги аниқ, «Кальяри» эса А Сериядаги ўрнини сақлаб қолган эди.

1-бўлим зерикарли тарзда ўтди, жамоалар дарвоза томон бирорта аниқ зарба йўллай олмадилар. 63-дақиқада «Кальяри» тезкор қарши ҳужумни уюштирди ва Паволетти аниқ зарба билан ҳисобни очди. Шундан сўнг ўйин жонланди. Мезбонлар рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятларни кетма-кет ярата бошладилар. 85-дақиқада эса Мертенс ҳимоячилардан илдамроқ ҳаракат қилиб, боши билан тўпни дарвозага йўллади ва ҳисобни тенглаштирди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларнинг саккизинчисида «Наполи» ғалаба келтирувчи голни урди. Инсинье тўп ҳимоячининг қўлига текканидан сўнг белгиланган пенальтини аниқ амалга оширди.