"Давлат бошқарув тизими самарадорлигини ошириш" Ўзбекистон-БАА ҳукуматлараро дастури ишчи гуруҳларининг иккинчи йиғилиши доирасида Амирликларнинг шу йўналишдаги уч лойиҳаси ўрганилди: "Зона 2071", "Давлат акселераторлари" ва "Хизматлар 1".

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БААга ташрифи давомида эришилган келишувлар асосида йўлга қўйилган ташаббус Ўзбекистон ва Амирликлар давлат институтлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, БААнинг давлат бошқарув тизимини такомиллаштиришга доир тажрибасини ўрганишга ва уни Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда мослаштиришга йўналтирилган. 

Йиғилишни БААнинг ҳукумат ва келгусида амалга ошириладиган ишлар бўйича вазири Муҳаммад Ал-Гергавий ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов кириш сўзи билан очишди. Ал-Гергавий БАА Бош вазири ва Дубай амирлиги ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Рашид Ал-Мактум номидан Ўзбекистон Президенти ва бутун ўзбек халқини кириб келган Рамазон ойи билан табриклади.

Расмий қисм тугаши билан қатор йўналишлар бўйича 16 ишчи гуруҳда ишлар  давом этди: ҳукумат аксселератори, миллий стратегия, солиқ тизими, бизнес доирани такомиллаштириш ва бошқалар. 

Ҳамкорлик доирасида икки томон ҳукумат фаолиятини ривожлантиришга доир тажрибалари, билимлари ва моделлари билан бўлишди, шунингдек давлат бошқаруви ва интеллектуал давлат хизматлари, институционал самарадорлик, инновациялар ҳамда етакчилик ва салоҳиятни оширишда БААнинг етакчи тажрибасини қўллаш имкониятларини муҳокама қилишди.

Шу куни ишчи гуруҳлар учун "Зона 2071", "Давлат акселераторлари" ва "Хизматлар 1"  лойиҳалари фаолияти билан қисқача танишишга мўлжалланган тур ташкил этилди.