Самарқанд вилоятида жорий йилнинг апрелида кузатилган кучли ёғингарчиликлар туфайли сув тошқинлари юзага келди.

«Кўпчиликка келган тўй» дея табиий офатдан зарар кўрганлар имкони борича ўзлари уни бартараф этишмоқда. Аммо шусиз ҳам ҳимояга муҳтож, бир амаллаб кун кўраётган, ёлғиз боши билан фарзандларини улғайтираётган аёл учун эса бу синовни енгиш осон эмас. Kun.uz таҳририятига йўлланган мурожаатни ўқиб, ҳеч бўлмаса мана шундай оилаларга кўмак бериш зарур экани англашилди.

«Мен М.Ашурова Самарқанд шаҳри Мақсуд Шайхзода маҳалласида яшайман. 1996 йил турмушга чиқиб, турмуш ўртоғим билан 2004 йилгача яшадик. Биргаликдаги ҳаётимиздан икки нафар фарзандимиз бор. 2004 йилдан буён ўзим ёлғиз икки фарзандимни вояга етказдим. Шу йиллар давомида на болаларимнинг отасидан, на қону-қариндош, маҳалла-кўйдан бирор ёрдам сўрамадим. Икки фарзандимни ёлғиз тарбия қилдим. 2019 йил 5 апрель куни тунда кучли жала келиши оқибатида уйимни сел олиб кетди. Кўзимга иккала фарзандимдан бошқа ҳеч нарса кўринмай фақат ўғлим ва қизимни уйқудан уйғотиб кўчага олиб чиқдим. Маҳалла раисига телефон қилиб ҳолатимни тушунтирганимда, «сендан бошқа ишим йўқми?» деб телефонни ўчирди. Фавқулодда вазиятлар бошқармасига қўнғироқ қилиш керак, рақамини билмайман. Яна раисни безовта қилдим шу масалада. Унга бошқарма рақамини берса, ўзим телефон қилишимни айтдим. У эса бошқарма рақами билмаслигини айтиб, телефонини ўчирди. Хуллас, офат қаршисида ўзим қолдим. Яхшиямки қўни-қўшни бор экан. Улар уйдан зарур нарсаларни олиб, кўчларимни опамникига олиб боришди. 6 апрель куни виртуал қабулхонага телефон қилдим. Самарқанд вилояти ҳокимлигига ва Самарқанд шаҳар ҳокимига ариза ёзиб бордим. Қабулхонадагилар менга ўхшаганлар жуда кўплигини билдириб «Қай бирингизга ёрдам берайлик дейишди. Мен 1007 рақамига телефон қилишга мажбур бўлдим. Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан вакил келди-ю, ҳеч иш қилмасдан кетиб, бошқа қайтмади. Соат 17:00ларда қўнғироқ қилиб қўрс жавоб эшитдим. Хуллас, қайси идорага мурожаат қилмай айтарли ёрдам ололмадим.

Орадан бир ой вақт ўтиб кетди. Ҳали ҳам опамнинг уйида яшаб турибман. Сел оқибатида юзага келган муаммога қайси давлат идоралари ёрдам беради ўзи? Кимга мурожаат қилишни билмайман...».