Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Самарқанд шаҳрида «Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети» Федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор жисмоний тарбия ва спорт соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, 2018–2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишувларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда «Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети» федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг Самарқанд шаҳрида олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилган.

Филиал фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

  • олий таълим сифатига қўйиладиган халқаро талабларга мувофиқ жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш соҳасидаги вазифаларни юқори даражада бажаришга қодир малакали кадрлар тайёрлашни таъминлаш;
  • жисмоний тарбия ва спорт соҳасида талабаларнинг чуқурлаштирилган мустақил тайёргарлигини ҳисобга олган ҳолда назарий ва амалий машғулотларни уйғунлаштириш;
  • олий таълим тизимига замонавий таълим технологияларига асосланган ўқув жараёнларини жорий қилиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳаси учун кадрлар тайёрлаш тизими ҳамда очиқ ахборот-таълим муҳитини ривожлантиришга кўмаклашиш;
  • назарий билимлар ва амалий кўникмаларнинг ўзаро боғлиқлиги, илмий-тадқиқот муассасалари ва бошқа ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорлик асосида жисмоний тарбия ва спорт соҳаси кадрларининг профессионал тайёргарлигини ошириш;
  • жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш;
  • хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

Филиалда таълим Россия Федерацияси федерал таълим стандартларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан тасдиқланадиган ўқув режа ва таълим дастурлари асосида рус тилида амалга оширилади.