“Жомбой тонги” газетаси муҳаррири Исомиддин Пўлатов туман кенгаши депутатлари фаолиятига назар ташлаб, Facebook’да пост қолдирди. Қуйида унинг матни бироз қисқартирилган ҳолда келтирилади.
“Бу битикни ёзишга олти ойдан кам тайёрланмадим. Аммо одатдагидек, материал тўплаш учун эмас. Қандайдир жараённи ҳам кутганим йўқ. Рости, ёзишга қўрқдим (ҳозир ҳам қўрқиб турибман). Тан олиш, иқрор бўлиш жуда оғир.
Туман кенгаши депутатиман.
Келинг, қисқача шу ҳақда.
Туман кенгашида бўшаб қолган ўринга номзодимни таклиф этишди. Аниқроғи, сайловнинг бир ҳафта нари-берисида. Руҳий тайёр эмасдим, депутатнинг ваколати, мажбуриятини билишга, ҳис этишгаям улгурмадим. Шунчалик тез депутатга айландимки, англамай қолдим. Мени ким сайлади, нега сайлади, ҳозиргача тушунмайман.
Ўйлайманки, тумандаги бир ташкилот раҳбари эканим, газетада муҳаррирлигим депутат бўлишга лойиқлигимни билдирмайди. Бундай бўлмаслиги керак. Одамнинг лавозими сайловларда роль ўйнаши тарафдори эмасман.
Рости, дастлабки сессияларда қатнашганимда кун тартибига қўйилган масалаларни ўқиб, бу қарорларни депутатлар тасдиқлашини англаганимда, суюнганман.
Аммо тушундимки, баъзан “овозга қўяман” деган каломга “қаршиман”, “эътирозим бор” деёлмай қоларкансиз. Чунки ёнингизда кўтарилган “30 та қўл” бунга йўл қўймайди. Уларга қўшилиб оққанингизни билмай қоласиз. Савол берсангиз, энсақотишлар, зардали нигоҳлар таъқибида қоласиз. Чунки бошқаларнинг вақтини олаётган бўласиз (!). Сессиянинг тезроқ тугашини кутаётган айрим сафдошларингизга ёқмайсиз. Бунинг ошкора ва яширин белгилари сизга ўша заҳоти маълум бўлади.
Қанчалик даҳшат-а! Депутат сессиянинг тугашини, англанмаган масаланинг тезроқ ёпилишини кутса! Шундан кейин ҳам депутат бўлишга ҳавас қолади, дейсизми?
Очиғи, бирор ўзим тушунмаган, ишонмаган масалани тасдиқлаш сўралганда, ичимдан қиринди ўтади. Баъзан қўл кўтармай қўяман. Буям аслида виждонни овутиб қўйиш учун. Ҳарқалай, олқишламадим-ку, деб ўзимни юпатиш учун.
Сессияларда ўнлаб масалаларнинг икки-уч соатда кўрилиши бу алоҳида мавзу. Ҳуқуқ тартибот органлари раҳбарларининг ҳисоб бермайдиган қуруқ ҳисоботи, ахбороти ҳам “ёпиқ мавзу” бўлмаслиги керак, албатта.
Ижтимоий тармоқларда энг қуруқ, текинхўр, иккиюзламачи тоифа ҳақида гап кетса, депутатларни ҳам тилга оладиган бўлишди.
















