Фан-техника | 09:10 / 10.05.2019
8403
2 дақиқада ўқилади

Facebook асосчиларидан бири: «Ижтимоий тармоқ монополиясини йўқотиш керак!»

Марк Цукерберг ва Крис Хьюз / Фото: The New York Times

Facebook ижтимоий тармоғи асосчиларидан бири Крис Хьюзнинг маълум қилишича, ижтимоий тармоқ ҳозирги раҳбари Марк Цукерберг ҳукумат ёки хусусий сектордаги исталган одамга қараганда кўпроқ таъсир ўтказиш имконига эга. Хьюзнинг The New York Times’да ёзишича, АҚШ ҳукумати Цукербергни жавобга чақириши ҳамда Facebook монополиясини тўхтатиши керак.

«Ҳукумат Маркни жавобгарликка тортиши лозим. Қонун чиқарувчилар жуда кўп вақт давомида Facebook’нинг портловчи ўсишидан ҳайратланишди ва америкаликлар ҳамда бозорлар рақобатдошлигини ҳимоя қилиш борасидаги ўз масъулиятларини эътиборсиз қолдиришди», - дея маълум қилди Хьюз.

Унинг сўзларига кўра, Цукерберг Facebook’нинг овоз бериш имконини тақдим этувчи 60 фоиз акцияларга эгалик қилади ва фойдаланувчилар қайси хабарларни кўришига таъсир кўрсатувчи алгоритмлар, қандай созламаларни ўрнатиш ҳамда қайси хабарлар олувчига етиб боришини шахсан ўзгартириши мумкин. 

Facebook асосчиларидан бирининг сўзларига кўра, Цукерберг нафақат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари учун қоидаларни белгиламоқда, балки сотиб олиш, тўсиш ёки нусхалаш орқали «рақибларини ёпиши» ҳам мумкин.

Хьюз Facebook жамоасида 2004 йилдан бери бўлган, 2007 йилда Барак Обаманинг сайловолди кампаниясига қўшилиш учун лойиҳани тарк этган. Хусусан, у сиёсатчининг сайти устида ишлаган ва ижтимоий ахборот кампаниясини ўтказган.

Мавзуга оид