Сўнгги кунларнинг энг илғор мавзулари иккита: Тил бўйича ташаббус ва «Ўлмас полк». Бир қарашда ҳар иккиси бўйича ҳам муҳокамага ўрин йўқдек, ҳаммасига нуқта қўйилгандек. Лекин нега бу икки тадбир-ташаббус бу қадар оғизга тушди?

Бу тобора урчиётган бир иллат туфайли туғиляпти, назаримда.

Биз аниқ ва бошқача талқин қилиб бўлмайдиган тарзда сўзлашни, баёнот беришни унутдик. Нозик мавзуларда кесиб-кесиб, узил-кесил нуқта қўйиб гапириш ўрнига мавҳум сўзлар, мужмал ваъдалар ва талқини товланувчи лафзлар беришга ўрганиб қолдик.

Эътибор беринг, рус тилига расмий мақом бериш бўйича «бир гуруҳ зиёли»ларнинг ташаббуси илгари сурилди. Дастлабки кунлари кичик-кичик норозиликлар, ижтимоий тармоқлар доирасидаги қарши хитобларгина янгради. Ўшанда расмий сукунат ҳукмрон эди, ташаббускорлар ҳам жим эди. Бир неча кундан кейин расмий идоралар, машҳур шахслар ҳам бирин-кетин ўз позицияларини билдира бошлашди, бу ташаббуснинг таги пучлигини баён қилишди.

Ўшанда энг қизиғи содир бўлди: ташаббускорлар рўйхатида келтирилганлар бирин-кетин бундай фикр билдирмаганликларини билдириш бўйича «эстафета»га киришдилар. Ҳаммалари. Бир овоздан! Бирортаси бўлмадики, мен фикримда собитман, ўшанда ҳам шундай дегандим, ҳозир ҳам ўзгармадим, дейдиган.

Гўёки рус тилининг аҳамияти ҳақида сўралган экану, ташаббускорлар бу тилнинг имкониятлари катталиги, ўрганиш зарар қилмаслиги ҳақида фикр билдирган эканлар. Қандайдир «қора кучлар» бошқача талқин қилиб, рус тилига расмий мақом сўралган ташаббус остига буларнинг исм-шарифини тиркаб қўйибди.

Лекин ўзини оқлаш ҳам жуда ажойиб: «мен уни назарда тутмагандим» қабилида. Рус тилига расмий мақом берилишига қаршиман, деган дангал гап йўқ. Аминманки, шу ташаббусни кўпчилик қўллаганида ва бу иш амалга ошганида ўша ташаббускорлар ютуқни кўз-кўз қилиб от солардилар.

Иккинчи мисол – «Ўлмас полк». Айнан мана шу мавзу дастлаб бу йил ҳисобидан 3 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокимининг Мирзо Улуғбек туманида ўтказган сайёр қабулида кўтарилди. Бир гуруҳ фаоллар ҳокимдан 9 май байрами муносабати билан «Биродарлик қабристони»дан «Мустақиллик майдони»гача бўлган йўлда юриш уюштиришни сўрашди. Қизиғи, тадбирнинг расмий номи ишлатилмади, тилга олинмади.