Ўзбекистон | 10:43 / 11.05.2019
24767
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда уч поғонали йўл ўтказгич қурилишининг биринчи босқичи якунланди

Пойтахтда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Оҳангарон ва Махтумқули кўчалари кесишмасида шу кунгача ҳали қўлланилмаган 3 поғонали йўл ўтказгични қуриш жараёни бошлангани ҳақида хабарлар тарқалганди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «Кўприкқурилиш» трести» унитар корхонаси мутахассислари томонидан мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда ҳудудда туннель қазиш ишлари якунланиб, йўл ўтказгич тирама деворларини қурилиш-монтаж жараёни амалга оширилмоқда. Иншоотнинг эстакада йўл ўтказгичида 6 та таянчлар қурилиши якунланган, шундан 3 тасига ригеллар монтаж қилинган. 

Шунингдек, туннель қисми тиргак деворларини кўмиш ҳамда ҳалқа қисмида оралиқ балкаларини ўрнатиш бўйича қурилиш-монтаж ишлари қизғин давом этмоқда. Жумладан, туннель қисми бўйича 85 фоиз, ҳалқа қисми бўйича 70 фоиз, йўл ўтказгич қисми бўйича 35 фоиз бунёдкорлик ишлари бажарилган. Объектда 150 минг куб метрдан ортиқ ер ва 11 минг куб метрдан зиёд бетон ишлари бажарилди.

Лойиҳага кўра дастлаб умумий узунлиги 502, кенглиги 26,7 метрни ташкил этувчи туннель қурилади. Ноёб иншоотнинг ушбу қуйи қисми баландлиги жаҳон стандартларига мос равишда 5,5 метр бўлиб, 6 та автомобиль йўлагидан иборат бўлади. Иккинчи босқичда ер сатҳидан 1 метр баландликда диаметри 50 метрни ташкил этадиган доирасимон йўл ўтказгич қуриш ишлари олиб борилади. Учинчи босқичда ушбу ҳудудда Махтумқули ва Шарқий аэропорт кўчаларини боғловчи ўзига хос катта йўл ўтказгич қурилади. Йирик йўл ўтказгич 6 та автомобиль йўлагига мўлжалланган бўлиб, умумий узунлиги 593, кенглиги 26 метрни ташкил этади.

Мазкур иншоотни жорий йилнинг иккинчи ярмида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Мавзуга оид