Дам олиш кунлари Италия чемпионатида 36-тур ўйинлари ўтказилди. Уларда эътиборга лойиқ бўлган бир қанча воқеалар юз берди.

«РОМА» ЖУДА МУҲИМ ЎЙИНДА «ЮВЕНТУС»НИ ЕНГДИ

«Ювентус» Римга муддатидан олдин чемпионлик унвонини қўлга киритган ҳолда келган бўлса-да, асосий таркибни майдонга туширди. Туринликлар 5 йилдан бери бу ерда ғалаба қозона олишмаётганди. «Рома» учун эса Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун кураш олиб бораётган вақтда ҳар бир очко олтинга тенг эди.

Биринчи бўлимда ташаббус меҳмонлар томонда бўлди. Улар учта жуда яхши вазиятдан унумли фойдалана олишмади. Дарвозабон Миранте яримҳимоячи Куадрадо ва ҳужумчи Дибаланинг 2та хавфли зарбасини қайтара олди. Иккинчи бўлимда мезбонлар фаол ҳаракат қилишди, бироқ, «Ювентус» уларнинг ҳужумларини муваффақиятли бартараф қилиб турди. Бир вазиятда Криштиану Роналду гол уришга ҳам эришди, лекин у офсайд сабабли ҳисобга олинмади.

Ўйин охирида «Рома» бош мураббийи Раньери майдонга Ундерни туширди ва бурилиш ясашга муваффақ бўлди. Айнан унинг 2та узатмасидан сўнг Флоренци ва Жеко «Ювентус» дарвозасини ишғол этишди.

Бу натижадан сўнг, «Рома» 62 очко жамғариб, 6-ўринга чиқиб олди ва Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун имкониятини оширди. «Ювентус» ҳисобида 89 очко бор.

Рома – Ювентус 2:0 (0:0, 2:0)
12 май, «Стадио Олимпико»
Голлар: 1:0 – 79 Флоренци, 2:0 – 90 Жеко.
Рома – Миранте, Флоренци, Манолас, Фасио, Коларов, Пеллегрини (Кристанте, 67), Нзонзи, Дзаньоло, Клюйверт (Ундер, 78), Жеко, Эль-Шаарави.
Ювентус – Шченсни, Де Шильо (Жоау Канселу, 85), Касерес, Кьеллини, Спинаццола, Куадрадо, Жан, Пьянич (Бентанкур, 71), Матюиди (Алекс Сандро, 84), Дибала, Роналду.
Огоҳлантиришлар: Жеко (51), Жан (74), Дзаньоло (75), Коларов (90).

«НАПОЛИ» САФАРДА СПАЛ ҚАРШИЛИГИНИ СИНДИРА ОЛДИ

СПАЛ мавсумнинг кашфиётларидан бири десак янглишмаймиз. Жамоа бу мавсумда ўз майдонида жуда яхши ўйинларни намойиш қилиб, «Ювентус», «Лацио» ва «Рома»ни мағлуб эта олди. Аммо «Наполи»га қарши ўйиннинг мусобақа жадвали учун аҳамияти йўқ эди. СПАЛ А Серияда қолиш вазифасини аллақачон ҳал қилган, «Наполи» эса кумуш медалларни қўлга киритиб бўлган эди. 

Биринчи бўлим тенг курашлар остида ўтди. Ҳар иккала жамоа бир қанча вазиятларга эга бўлса-да, ҳимоячилар ва дарвозабонлар хатога йўл қўймадилар. Иккинчи бўлим «Наполи»нинг голи билан бошланди. 49-дақиқада Аллан рақиб жарима майдонида чаққон ҳаракат қилиб, тўпни аниқ зарба билан дарвозанинг юқори бурчагига жойлади.