Ўзбекистон | 12:44 / 14.05.2019
5762
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея элчиси Ўзбекистондаги миссиясини якунламоқда

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 14 май куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатда ўз дипломатик миссиясини якунлаётган Корея Республикаси фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён Уни қабул қилди, деб хабар бермоқда ТИВ.

Икки томон кун тартиби борасида фикр алмашиш чоғида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг жадал ривожланаётгани қайд этилди.

2017 йилнинг ноябрь ойида Сеул шаҳрида ва 2019 йилнинг апрель ойида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган олий даражали Ўзбекистон – Жанубий Корея учрашувларининг муваффақиятли якунлари томонларни қизиқтирган барча йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштириш имконини бергани таъкидланди. Хусусан, 2018 йилда ўзаро савдо айланмаси 50%дан ортиққа ўсиб, 2 млрд. АҚШ долларидан ошди.

Учрашувда Корея Республикаси – Марказий Осиё шаклидаги ҳамкорликнинг самарали аҳамияти ҳам эътироф этилган.

Вазир элчининг мамлакатдаги уч йиллик фаолиятини ҳамда ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссасини юқори баҳолади.

Элчи ўз навбатида Ўзбекистондаги миссиясини бажариши учун яратилган шароитларга миннатдорчилик билдирди.

Мавзуга оид