Сир эмас, халқимиз фаровонлиги ошгани сайин, шаҳар ва қишлоқларимиз кўчалари янада серқатнов бўлиб, автомобиллар ҳаракати кўпайиб бормоқда. Бу эса, ҳайдовчилардан янада ҳушёр ва атрофида бўлаётган жараёнларга эътиборлироқ бўлишни талаб қилади.
Айниқса, куннинг эрталабки ва кечки тиғиз вақтларида, ҳайдовчиларга ҳам осон эмас. Бироқ ҳаётда баъзан шундай ҳолатлар бўладики, қанчалик шошаётган бўлсангиз ҳам, ортингизда келаётган автомашинага йўл беришингиз қонун томондан талаб этилса, инсонийлик жиҳатидан зарурат ҳисобланади.
Гап, тахмин қилганингиздек, фавқулодда чақирув орқали ҳаракатланаётган ёнғин хавфсизлиги, патрул ёки тез тиббий ёрдам машиналари ҳақида бормоқда.
Кун.уз таҳририяти мамлакатимизнинг бош ва энг тирбанд шаҳри бўлган Тошкентда тез ёрдам машинасига йўл беришда ҳайдовчиларимиз қанчалик аҳил ва ҳамжиҳат ҳаракатланишига ойдинлик киритиш мақсадида ижтимоий лойиҳага қўл урди.
Бунда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент Шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорлик қилинди.
Видео: YouTube
Видео: Mover (tas-ix)
Лойиҳа вақтида тез ёрдам машинаси милтилловчи ёруғлик ва товушли ишораларини ёқиб чорраҳага яқинлашиб келаётганига қарамай, айрим ҳайдовчилар бунга эътибор бермади. Қайрилиб олиш жойларида ҳам ҳайдовчилар транспорт воситаларини тўхтатиш чораларини кўришмади.
Гувоҳ бўлганимиз ҳолатларга мутахассисларнинг қараши қандай? Тез ёрдам бўлими ходими, ҳайдовчиси ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси вакили ўз фикрларини билдирди. Даставвал, махсус транспорт воситаларига йўл бериш масаласи қонунчиликда қандай тартибга солингани хусусида.
«Йўл ҳаракати қатнашчилари Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонунни, йўл ҳаракати қоидаларини билишлари керак ва йўл ҳаракати давомида ўша қонун ва қоида талабларига риоя қилишлари лозим. Ушбу қонун-қоидалар транспорт воситалари ҳайдовчилари ва пиёдалар учун бирдек амалда ва кучда. Амалдаги ЙҲҚнинг 25-27-бандларида тўсқинликсиз ҳаракатланадиган транспорт воситаларининг имтиёзлари белгилаб берилган. Булар, тез тиббий ёрдам, ёнғин хавфсизлиги ва ички ишлар идораларининг махсус транспорт воситаларидир.




















