Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов Миллий олимпия қўмитасининг янги президенти этиб сайланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
15 май куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг навбатдан ташқари Бош ассамблеяси бўлиб ўтди.
Бош Ассамблея ишида Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари, спорт федерация ва ассоциацияларнинг раҳбарлари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Унда кун тартибидан қуйидаги 2 масала ўрин олди: шу давргача қўмитага раҳбарлик қилган Умид Аҳмаджоновнинг ўз хоҳишига кўра истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш ва унинг ўрнига янги раҳбар сайлаш.

Ассамблея давомида сўзга чиқар экан, Абдулла Арипов Токио Олимпиадасига оз фурсат қолгани ва спортчиларимизни бўлажак мусобақага пухта тайёрлаш, ишларни янада жадаллаштириш, Олимпия ўйинларига имкон қадар кўпроқ лицензиялар қўлга киритиш бўйича мутасаддиларга керакли кўрсатмаларни берди.
Шундан сўнг, йиғилиш иштирокчиларига Миллий олимпия қўмитаси президентлигига Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси сифатида фаолият олиб борган Рустам Мавзурович Шоабдураҳмонов номзоди таклиф қилинди. Ассамблея иштирокчилари бир овоздан ушбу номзодни қўллаб қувватлашди ва Рустам Шоабдураҳмонов МОҚ президенти этиб сайланди.
«Авваломбор, менга билдирилган юксак ишонч учун катта раҳмат. Тушуниб турибман, зиммамда жуда масъулиятли ва муҳим вазифа турибди. Токио Олимпиадасига ҳам оз фурсат қолди. Янги вазифамда бор куч-ғайратимни ишга солишга ваъда бераман. Бу йўлда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, барча федерациялар ва ассоциацияларни ҳамкорликка ва қўллаб-қувватлашга чақириб қоламан», – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Рустам Шоабдураҳмонов 2018 йилнинг июнида Президент фармонига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўта муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга молик объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш дирекцияси раиси этиб тайинланган эди. У ўтган йилнинг июлида Ўзбекистон қиличбозлик Федерациясига ҳам раис бўлганди. Ўз вақтида Рустам Мавзурович Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида ҳам фаолият юритган.















