16 май куни соат тахминан 8:00да Андижон вилоят, Асака тумани «Дастурхончи» МФЙ ҳудудидан ўтган Андижон-Шаҳрихон йўлида «Кобальт» русумли автомашина йўл четидаги гулларни суғораётган уч аёлни уриб кетди. Дастлаб тарқалган хабарларда аёлларнинг барчаси воқеа жойида ҳалок бўлгани, бу аёллар вилоятдаги йўлларни тозалашга ва йўллар четидаги гулларни суғоришга мажбурий равишда жалб этилгани, ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб кетгани айтилганди.
17 май куни Бош прокуратура матбуот хизмати ҳодиса юзасидан маълумот бериб, аёллардан бири воқеа жойида вафот этгани, бири касалхонада жон бергани, яна бири касалхонада қолаётгани маълум қилинди.

Kun.uz мухбири бўлиб ўтган воқеа тафсилотларини ўрганиш учун Асака туманида бўлди.
Асака туманининг «Дастурхончи» қишлоғи Андижон-Шаҳрихон магистраль йўли бўйида жойлашган.


Ўша куни эрталабки соат 8:45да Дастурхончи маҳалласида яшовчи уч аёл - Омадхон Парпиева, Пазилатхон Тожибоева ва Барчиной Казакова катта йўл бўйидаги шаклли гулзорга (маҳаллий аҳоли уни – «ландшафт гулхона», деб атайди) сув қуяётганида фожиа рўй берган.

Мазкур йўл транспорт ҳодисасига шу ерлик боғбонлар гувоҳ бўлишган.
«Мен Зокиржон Аҳмедов, боғбонман. Шу ерда мева етиштирамиз. Мана бу гулзор уларга бириктирилган бўлса керак, ҳар куни эрталаб сув қуйишар эди. Ўша куни, жуда катта тезликда келаётган «Кобальт» олдидаги «Исузу»ни ўнг томондан қувиб ўтмоқчи бўлиб бошқарувни эплолмай, йўл четига чиқиб кетди. Бир ғилдираги йўл четидаги лотокка тушиб, гулзор ёнида сув қуяётган уч аёлни уриб ташлади. Бири машина зарбидан узоққа отилиб кетган. Иккинчиси ҳар қалай ўзини олиб қочиб қаттиқ зарба емади. Учинчисини катта тезликдаги машина 30 метрларгача судраб борди. Ҳайдовчи шокда бўлса керак, нима бўлаётганини англамай қолди шекилли, ёрдам беришга чақирсак ҳам машинани ташлаб кетиб қолди», дейди гувоҳлардан бири.


























