Ўзбекистон | 10:19 / 18.05.2019
6189
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Сурхонгеология» давлат корхонаси ташкил этилади 

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тасарруфида “Сурхонгеология” давлат корхонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тасарруфида “Сурхонгеология” давлат корхонасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

“Сурхонгеология” ДКнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

Сурхондарё вилоятида фойдали қазилма турларини кенгайтириш ва уларнинг саноатбоп конларини қидириб топиш, иқтисодиёт тармоқларининг минерал хомашёга бўлган талабларини тизимли асосда таъминлаш;

минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдиришнинг узоқ, ўрта муддатли ва йиллик давлат дастурларини бажарилишида фаол иштирок этиш;

мавжуд фойдали қазилма конларини саноатда ўзлаштириш билан боғлиқ бўлган геологик, техник-иқтисосдий, технологик ва бошқа зарур изланишларни олиб бориш;

геология-қидирув ишларини инновацион технологияларга асосланган замонавий услублар ва илғор техника воситаларини қўллаган ҳолда олиб борилишини таъминлаш;

кадрлар малакасини ошириш, уларни замонавий билим ва тажриба олишларига кенг имкониятлар ва зарур шароитлар яратиш, самарали меҳнатни рағбатлантиришнинг пухта ўйлангани механизмларини жорий қилиш.

Белгилаб қўйилишича, “Сурхонгеология” ДКни молиялаштириш минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдиришнинг йиллик давлат дастурлари доирасида ажратиладиган бюджет маблағлари, хўжалик шартномалари, юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг “Сурхонгеология” ДКни Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани ҳудудида жойлаштириш бўйича таклифи маъқулланиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид