Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими Kun.uz сайтида UniRank тузган рейтингга асосланиб «Ўзбекистондаги 65та ОТМ рейтинги эълон қилинди» сарлавҳаси билан берилган хабарга раддия берди.

Рейтинг ОТМнинг давлат органлари томонидан лицензиялаш ёки аккредитациялаш, камида тўрт йиллик бакалавр ёки бошқа таълим даражаларини (магистратура ва докторантура) таъминлаш ваколати ва таълимни асосан анъанавий шаклда ўқиш жойида ўтказилишини таъминлаш мезонлари асосида тузилган.

«Олий таълим муассасалари рейтинги маълум бир соҳадаги энг яхши олий ўқув юртлари, уларнинг ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва таълим бериш фаолиятининг сифатини баҳоловчи мезондир. Дунёдаги йирик халқаро рейтинг агентликларининг тажрибаси шуни кўрсатадики, университетларни баҳолашда асосан, 4тадан 13тагача индикаторлардан фойдаланилган. Шу билан бирга, дунёдаги маҳаллий рейтинг тизимларига назар солсак, унда асосан 9тадан 42тагача индикаторлар ишлатилади.

Шу ўринда дунё мамлакатларининг миллий рейтинг кўрсаткичларига тўхталиб ўтсак, Буюк Британияда 42та, АҚШда 39та, Македонияда 35та, Малайзияда 32та, Хитойда 22та, Польшада 19та, Туркия ва Қозоғистонда 1та, Туркияда 18та, Бразилия ва Польшада 12та, Чили ва Покистонда 9та кўрсаткич бўйича ОТМлар рейтинги аниқланади. Шу билан бирга, миллий рейтинг тизимидан ташқари халқаро рейтинг агентликлари мавжуд бўлиб, уларнинг баҳолаш кўрсаткичлари қуйидагича: ТНЕ (Times Higher Education) 13та, ARWU (Academic Ranking of World Universities)  10та, LEIDENS ва SCImago 7та, QS (Quacquarelli Symonds) ва URAP 6та, HEEACT 5та, WEBOMETRICS 4та кўрсаткичдан иборат.

Миллий рейтинг агентликлари баҳолаш жараёнида 46 фоиз ўқув жараёнига, 26 фоиз илмий фаолиятга ва 28 фоиз бошқа йўналишларга эътибор қаратишади. Халқаро агентликлар рейтинг тизими эса 72 фоиз илмий фаолиятга, 16 фоиз ўқув жараёнига ва 12 фоиз бошқа йўналишларга эътибор қаратади. Кўриниб турибдики, халқаро рейтинг агентликларининг асосий этибори илмий фаолиятга йўналтирилган.

Ўзбекистонда ҳам миллий олий таълим муассаслари рейтингини шакллантиришда дунёнинг илғор рейтинг тизимлари чуқур таҳлил қилиб чиқилди ва рейтинг тизимини баҳоловчи индикаторлардан Ўзбекистон таълим тизмига мос келадиганлари ўрганилиб танлаб олинди. Хусусан, THE (Times Higher Education), QS (Quacquarelli Symonds), ARWU (Academic Ranking of World Universities) каби йирик рейтинг агентликлари услубларини ўрганган ҳолда 23та энг муҳим ва ўзимизга мос индикаторлар танлаб олинди. 2018 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан 57та олий таълим муассасалари фаолияти таҳлил қилиниб, натижалари эълон қилинган эди.