Жаҳон | 07:42 / 24.05.2019
11670
2 дақиқада ўқилади

Ассанжга АҚШда янги айбловлар қўйилди. У 175 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин

Фото: Jack Taylor/Getty Images

WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж АҚШ суди томонидан 175 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бу унга қўйилган янги айбловлар бўйича берилиши мумкин бўлган энг максимал жазо муддатидир.

Ассанжга билдирилган 17 та янги айблов орасида жосуслик ва махфий ахборотни ошкор қилиш қонунини бузиш айбловлари бор. Шунингдек, журналистга қўйилган аввалги айблов – компьютерни бузиб кириш мақсадида тил бириктириш айблови ҳам ўз кучида қолади.

Янги айбловларнинг ҳар бири бўйича максимал жазо 10 йилни, компьютерни бузиб кириш мақсадида тил бириктириш учун эса 5 йилни ташкил қилади. Шу тариқа Ассанжга тайинланиши мумкин бўлган максимал жазо 175 йилни ташкил қилади.

“Агар у айбдор деб топилса, унга тил бириктиришдан ташқари, ҳар бир модда бўйича 10 йиллик қамоқ жазоси берилиши мумкин”, деб айтилган хабарда.

WikiLeaks асосчиси АҚШ сўрови билан Британияда 11 апрелда ҳибсга олинганди. Британия суди 2 май куни АҚШга Ассанжни экстрадиция қилиш учун юридик асосланган сўровни бериш учун 65 кунлик муҳлат берган.

Мавзуга оид