Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Қурилиш соҳасига “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини жорий этиш чора тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжатда айтилишича, таҳлил натижаларига кўра қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлашда янги ёндашувларни ишлаб чиқишни талаб қилишда бир қатор камчиликлар аниқланди, шу жумладан:
биринчидан, қурилиш ишларининг шаффофлиги таъминланмаганлиги ва манфаатдор шахслар ва жамоатчилик томонидан қурилиш ишларининг боришини кузатиш имкониятининг мавжуд эмаслиги;
иккинчидан, қурилиш меъёрларига тўлиқ риоя қилмаслик, қурилиш ишларини бажариш устидан назоратнинг етарли даражада эмаслиги ва шартномалар шартларини бажариш буюртмачиларнинг катта зарарига олиб келаётганлиги;
учинчидан, қурилишга рухсат бериш жараёнлари ва юқори инвестицион хатарлар билан боғлиқ муаммоларнинг мавжудлиги рақобатни ривожлантиришга тўсқинлик қилади, бу эса охир-оқибатда уй-жойларнинг якуний қийматига сезиларли даражада таъсир қилади;
тўртинчидан, маблағлардан нотўғри фойдаланиш, қурилган объектларни ўз вақтида топширмаслик, паст сифатли материаллардан фойдаланиш, қурилиш ишларига касбий бўлмаган ходимларни жалб қилиш республика бюджети маблағлари, мақсадли жамғармалар ва буюртмачиларнинг ортиқча харажатларига олиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва Молия вазирлигининг қурилиш соҳасига “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини жорий этиш бўйича таклифларига розилик берилиши мумкин.
Қуйидагилар “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини жорий этишнинг асосий мақсадлари этиб белгиланади:
марказлашган манбалар жумладан, давлат бюджети ва инвестиция маблағлари ҳисобидан қуриладиган ҳар бир объектларга юқори технологиядаги видеокузатув тизимини ўрнатиш орқали Интернет тармоғида реал вақт режимида тасвирини кўриш имкониятини берувчи ягона платформалардан фойдаланган ҳолда қурилиш лойиҳаларини бошқаришни таъминлаш;
тизимдан фойдаланган ҳолда қурувчилар ва бошқа манфаатдор шахсларни, шунингдек муайян қурилиш лойиҳалари бўйича аҳолини қизиқтирган саволларига жавоб олишлари мумкин бўлган қурилишнинг батафсил маълумотлари, шартнома тафсилотлари, тўлов ҳолати, қурилиш жараёнлари ва бошқалар ҳақида ахборот бериш;

















