Мамлакатда ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, касб-ҳунар таълими тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, тан олиш лозим, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш энг оғриқли масалалардан биридир, деб ёзмоқда Фарҳод Толипов «Mahalla» газетасида. Унинг мақоласи ЎзА томонидан эълон қилинди.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 13 май куни қабул қилинган «Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган малакали кадрларни касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги муаммоларни ҳал қилиш йўлидаги муҳим қадамлардан бўлди.
Ҳужжатга кўра, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирликлари ҳамкорлигида касб-ҳунар коллежларида йирик корхоналар ва кластерлар учун, шунингдек, меҳнат бозоридаги реал эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўрта бўғин мутахассислар ва ишчи касблар бўйича кадрлар тайёрлашни ташкил қилиш лойиҳаси ишга туширилади.
Давлат-хусусий шериклик нима?
Бугун мамлакатимизда давлат-хусусий шериклик фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш тизимларига бу тажриба муваффақиятли тарзда жорий қилинди. Давлат-хусусий шерикчилик механизмини барча соҳаларга жорий этишда чет эл тажрибасини ўрганиш, таҳлил қилиш ва улардан фойдаланиш Ўзбекистоннинг янада ривожланишида муҳим омил бўлади.
Давлат-хусусий шериклик механизмини жорий этиш таълим муассасаларининг харажатларини режалаштириш ва сарфлаш шаффофлигини таъминлаш чораларини кўриш, фаолиятининг очиқлиги ва улар мустақиллигининг оширилиши давлат-хусусий шерикликни йўлга қўйиш учун асос бўлиб хизмат қилади ва уларнинг инвестицион жозибадорлигини оширади.
Коллежларни давлат-хусусий шерикликка ўтказиш касб-ҳунар коллежларида йирик корхоналар ва кластерларда яратилаётган янги иш жойлари, шунингдек, меҳнат бозоридаги реал эҳтиёжга кўра, ўрта бўғин мутахассислар ва ишчи касблар бўйича кадрлар тайёрлаш имконини беради.
Коллежлар тайёр мутахассис етказиб беради
— Таъкидлаш жоиз, узоқ йиллардан буён коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласи оғриқли нуқталардан бири эди, — дейди Республика касб-ҳунар таълими маркази бошқарма бошлиғи Ўткир Алимжонов. — Давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритадиган касб-ҳунар коллежлари эса ушбу муаммога ечим бўлади. Бунда кадрлар тайёрлаш масаласида ривожланган давлатларнинг илғор тажрибалари оммалаштирилади. Эндиликда корхона бевосита кадрлар тайёрлаш жараёнида иштирок этиши, ўзи учун зарур ходимга ушбу касбнинг қайси жиҳатларини чуқурроқ ўргатиш лозимлиги бўйича талаб ва тавсияларини билдириши мумкин. Шунга кўра, биз таълим дастурларимизни қайта кўриб чиқишимиз лозим бўлади. Яъни малакали архитектор, дизайнер, деҳқон, фермер, технолог, муҳандис сингари мутахассислар бевосита дарс жараёнида иштирок этиб маслаҳатларини бериб бориши мумкин.

















