Италияда мавсум якунланди. ЕЧЛ ва Европа Лигасида кимлар иштирок этиши аниқ бўлди
|12:40 / 27.05.20199 1807 мин
Фото: Getty ImagesФото: Getty Images
Италия А Сериясида мавсум якунланди.
Чемпионатнинг 38-турида Чемпионлар лигаси йўлланмасини тақдим этувчи 3- ва 4-ўринлар масаласи ҳал қилинди. Якунда бу йўлланмалар «Аталанта» ва «Интер»га насиб этди.
Жан Пьеро Гасперини бошчилигидаги бергамоликлар жамоаси охирги турда осонлик билан «Сассуоло»ни мағлуб этишди (3:1) ва 3-ўринни эгаллашди. Ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этган «Аталанта» биринчи марта Чемпионлар лигасида иштирок этадиган бўлди.
Лучано Спаллетти бошқарувидаги «Интер» лигада қолиш учун кураш олиб борган «Эмполи»ни қийинчилик билан мағлуб этди (2:1) ва 4-ўринни қўлга киритди. Ўйинда Мауро Икарди пенальтидан гол уролмади фақат ўйин охирида Найнголлан урган гол жамоани қутқариб қолди. «Нерадзурри» «Ювентус», «Наполи» ва «Аталанта» қаторида Чемпионлар лигасида қатнашади.
«Эмполи» эса А Серияни тарк этди. Аурелио Андреаццоли бошқарувидаги тосканияликлар клуби 38 очко тўплади ва қўшимча кўрсаткичлар туфайли «Женоа»дан ортда қолиб 18-ўринни банд этди ҳамда Б серияга тушиб кетди.
«Эмполи» ўтган мавсумда А Серияга чиққанди ва юқори дивизионда атиги бир мавсум ўтказди. Бунгача лигани «Фрозиноне» (25) ва «Кьево» (17) жамоалари тарк этишганди.
Охирги тургача ЕЧЛ учун курашган «Милан»га СПАЛ устидан қозонилган ғалаба етарли бўлмади (3:2), Гаттузо шогирдлари параллел кечган учрашувда ҳамшаҳарлари очко йўқотишидан умид қилишганди. «Рома» ҳам «Парма»ни мағлуб этган бўлсада (2:1), кучли тўртликка кира олмади. Бу натижалар мос равишда 68 ва 66 очко тўплаган «Милан» ва «Рома»га 69тадан очко олган ҳолда учинчи ва тўртинчи бўлган «Аталанта» ва «Интер»ни қувиб ўтиш имконини бермади.
«Милан» чемпионатни 5-ўринда, «Рома» эса 6-ўринда якунлади. Бу жамоалар кейинги мавсумда Европа Лигасида иштирок этишади. Бу турнирда Италия Кубоги соҳиби «Лацио» ҳам қатнашади, «Рома» Европа Лигасини саралаш босқичидан бошлайди.