Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Республика Бахшичилик санъати маркази ва унинг ҳузуридаги Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси ҳамда бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган республика мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 14 майдаги ПҚ-4320-сон қарори билан Республика Бахшичилик санъати маркази ва унинг ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси ҳамда бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган республика мактаб-интернатини ташкил этиш белгиланган.

Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:

маданият муассасаларининг кўчмас мол-мулкини ижарага беришдан тушган маблағларнинг 10 фоизи (Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий органлари ҳузуридаги Давлат мулкини ижарага бериш маркази давлат унитар корхоналарига 1 фоизи ва электрон савдо майдончаси операторига тўланадиган тўловдан ташқари);

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва унинг бўйсунувидаги ташкилотларнинг вазир томонидан белгиланадиган миқдордаги ажратмалари;

давлат-хусусий шериклик шартларида лойиҳаларни амалга оширишдан олинадиган даромадларнинг 10 фоизи;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига бюджетдан ташқари тушадиган йиллик тушумларнинг 1 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг имтиёзли кредитлари (қарзлари);

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.

Миллий санъатимиз ва маданиятимизнинг қадимий маънавий меросини сақлаб қолиш, бахшичилик йўналиши бўйича ёшларнинг ижодий салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда рўёбга чиқариш, бахшичилик соҳаси бўйича малакали бахшилар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Термиз шаҳридаги 21-сон бахшичилик мактаби негизида бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган Республика мактаб-интернати ташкил этилади.