Фан-техника | 16:23 / 27.05.2019
12023
6 дақиқада ўқилади

«Яндекс»: Ўзбекистонда улкан имкониятлар бор

Москва шаҳрида «Яндекс» компаниясининг YaC (Yet Another Conference) анжумани бўлиб ўтгани, “Келажак деталларда” деб номланган бу анжуманда Kun.uz сайти вакиллари ҳам иштирок этгани тўғрисида хабар берган эдик.

Тадбир доирасида компаниянинг бош штаб квартирасидаги экскурсия жараёнида «Яндекс» Ўзбекистон директори Евгений Лукьянчиков билан «Яндекс»нинг юртимиз билан боғлиқ режалари бўйича суҳбатлашдик.

Аввало «Яндекс» ҳақидаги умумий маълумотлар билан танишиб олсак:

Аркадий Волож ва Илья Сегалович асос солган «Яндекс» трансмиллий компанияси қидирув тизими, интернет порталлари ва хизматларига эга. Ҳозирги кунда у 50дан ортиқ хизмат турларини тақдим этади.

Нидерландияда расман рўйхатдан ўтган бўлган бўлишига қарамай «Яндекс»нинг асосий фаолияти Россияда кечади ва йирик офислари ҳам шу давлатда жойлашган.

«Яндекс» қидирув сўровномаларини қайта ишлаш ҳажми бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллайди ва машҳурлиги бўйича дунё йигирматалигига кирган ҳолда Россияда биринчи ўринни эгаллайди.

«Яндекс» кўплаб давлатлар қаторида Ўзбекистонда ҳам бевосита фаолиятини йўлга қўйган, бугунги суҳбатимиз айнан шу ҳақда.

– Евгений, «Яндекс» Ўзбекистонда тўғридан-тўғри фаолият бошлаганига, яъни фақат қидирув тизими бўлиб қолмай, ўз сервисларини маҳаллий шароитга мослаштириб тақдим этаётганига бир йилдан ошди. Демак дастлабки хулосаларга келишнинг айни вақти.

– Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон айнан биз учун кенг имкониятларга эга, салоҳиятли давлат ҳисобланади. Албатта, бу давлатда етакчи тизим бошқа ва у қайси компания эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Лекин ҳозир биз эгаллаб турган 22 фоизлик кўрсаткич мунтазам ўсиш натижаси ва яна юқорилашда давом этмоқда. Биз бу йўналишдаги ишларни давом эттирамиз ва хизматлар турини кўпайтираверамиз.

– Ўзбекистонда катта имкониятларга эга бўлиш мумкинлиги тўғрисида гапирдингиз. Бу нималарда намоён бўлади?

– Охирги йилларда давлатингиз IT соҳасида кўп лойиҳаларни амалга оширяпти. Албатта, бу ҳаракатлар ҳаётий зарурат эканлиги, бусиз бирорта давлат ривожланмаганлиги англаб етилди. Интернет тезлиги, арзонлиги бўйича ишлар олиб борилмоқда, янги ҳудудлар қамраб олинмоқда, алоҳида мутахассислар тайёрланмоқда. Ана шундай шиддатли жараёнларда Ўзбекистонда «Яндекс» каби йирик компаниянинг бевосита фаолият олиб бориши ҳар икки томон учун фойдали деб ўйлайман.

– “Яндекс.Маҳалла” кимнинг ғояси ва бунинг асосида нима ётибди?

– Нокамтарлик бўлса-да, бу менинг ғоям. Ўзбекистонга илк ташрифларимиз чоғида маҳалла сўзини кўпчиликдан эшитар, лекин айнан нима эканлигини тушунмас эдик. Маҳаллий ҳамкорларимиз тушунтириб берганларида шундай ўзига хос институт борлиги бизни ҳайрон қолдирди. Тўғри, улар бошқа тушунчалар, лекин маҳалла қайсидир жиҳатдан биздаги район тушунчасига тўғри келади, деб ўйладим. Россияда ўзаро муносабатларда, ҳудудий ўзига хосликда район тушунчаси катта роль ўйнайди ва ҳар бир районнинг ўз анъаналари бор. Ўзбекистонда айнан мана шу ҳудудий бирликни маҳалла тўла-тўкис қамраб ола биларкан.

– Ўзбекистон сўнгги йилларда катта инвестициялар жалб қилмоқда, кўплаб хорижий компаниялар иш бошламоқдалар. Демак инвестицион муҳит, маҳаллий мураккабликларни баҳолашда «Яндекс» каби йирик компаниянинг фикри муҳим.

– Албатта, ўзига хос жиҳатлар бор. Лекин Ўзбекистон алоҳида мураккабликка эга деб ўйламайман. Бошқа давлатларда лойиҳаларимизни татбиқ этиш жараёни билан солиштирилса, айтарли фарқ сезилмайди. Яъни ҳужжатлаштиришдаги бюрократик талаблар, зарур мутахассисларни топиш, техник имкониятлар яратиш, лойиҳаларни мослаштириш умуман олганда бир хил вақт ва куч талаб қилади.

– «Яндекс» Ўзбекистонда дастлаб иш бошлаганида муҳим лавозимларга иш ўринлари борлигини эълон қилди, аммо маҳаллий мутахассислар ишга қабул қилинмай, барча етакчи ўринлар бош штабдан борган ходимларга берилди. Маҳаллий мутахассислар талабга жавоб беришмадими ёки бошқа сабаб борми?

– Бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди. «Яндекс» ҳар қандай давлатда дастлаб иш бошлаганида бош штабдан гуруҳ жўнатилади ва улар маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликда иш олиб борадилар. Вақт ўтиб жалб қилинувчи ходимлар сони кенгайиб бораверади. Ҳозир айнан шундай жараён кетмоқда.

– Айни пайтда оддий фойдаланувчилар «Яндекс»нинг қандай қулайлигидан фойдаланишлари мумкин?

– Бундай мисоллар жуда кўп. Лекин биттасига алоҳида тўхталиб ўтишни истардим. «Яндекс» саъй-ҳаракатлари билан жуда кўплаб хорижий порталлар Tas-ix доирасига ўтказилди. Яъни бизнинг қидирув тизимимиз орқали кирилганда фойдаланувчи ортиқча харажатдан қочиш билан  бирга тезкорликни ҳам ҳис қилиши мумкин.

– Қизиқарли суҳбат, ажойиб экскурсия учун раҳмат.

– Сизга ҳам раҳмат. Фурсатдан фойдаланиб инсонлари ҳам қуёши сингари очиқ юрт – Ўзбекистонда фаолиятимиз йўлга қўйилганидан хурсандлигимни билдирмоқчиман.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид