Жамият | 18:28 / 30.05.2019
123495
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекконцерт» барча хонандаларга огоҳлантириш билан чиқди

Ижтимоий тармоқлар орқали икки хонанда – Жаҳонгир Отажонов ва Абдулла Қурбоновнинг ўзаро можарога киришгани ҳақида хабарлар тарқалди. 

“Ўзбекконцерт” давлат муассасасининг маълум қилишича, Жаҳонгир Отажонов ўз инстаграм саҳифасида ташкилот томонидан лицензияси борасида муаммо бўлаётганини иддао қилиб, асоссиз равишда, бир томонлама мурожаат қолдирган.  

“Бу борада “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сон Қарорига асосан Отажонов Жаҳонгир Сапарбоевич номига берилган лицензия амал қилиш муддати 2019 йилнинг 28 май куни тугаганлиги боис, рейтингнинг 2-гуруҳи бўйича давлат бюджетига йиллик 19 867 540 сўм миқдоридаги давлат божи тўловларини ҳамда хонанданинг ижодий гуруҳ аъзоларига, яъни созандаларига (жами 7 нафар) лицензияси учун ҳар бирига алоҳида йиллик 8 109 200 сўмдан жами 76 631 940 сўм миқдоридаги тўловларни  (ушбу тўлов созандалар сонидан келиб чиқиб ўзгариши мумкин) 3 кун муддат ичида тўлаши кераклигини маълум қилади. Шундан сўнг унинг фаолияти яна қонуний равишда давом этаверади, акс ҳолда, унинг концерт дастурлари бекор қилинади”, - дейилади “Ўзбекконцерт” тақдим этган маълумотда.

Қайд этилишича, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳамда раҳбариятининг хонандага нисбатан ҳеч қандай эътирози йўқ ва бу масала у билан тарқалган баҳсли мунозараларга ҳам алоқадор эмас. 

“Хонандалар Жаҳонгир Отажонов ва Абдулла Қурбоновлар борасида юзага келган вазият хонанда Абдулла Қурбоновнинг сафардан қайтиши билан белгиланган тартибда кўриб чиқилади. 

Бундан ташқари, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси хонанда Жаҳонгир Отажоновдан муборак Рўзаи Рамазон ойида ижтимоий тармоқларда ножўя хатти-ҳаракатлар билан санъаткорлар ўртасида низо келтириб чиқаришга сабаб бўлувчи масхаромуз видеоларни тарқатмаслигини сўрайди.  

Шу ўринда “Ўзбекконцерт” ДМ барча хонандаларни ҳам муассаса билан очиқ мулоқот қилмай туриб, ижтимоий тармоқларда турли ноўрин, ножўя ва асоссиз гап-сўзларни тарқатмасликларини тўғрисида огоҳлантиради”, - дейилади ташкилот хабарида. 

Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Отажонов ва Абдулла Қурбоновнинг бир-бирига қаратилган видеолари ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Уларда ижодкорлардан бири жонли ижрода қўшиқ куйлаш ҳақида гапирган бўлса, иккинчиси саҳнада ўзини тутиш одоби, кийиниш борасида ҳамкасбини танқид қилган.

Мавзуга оид