Бугун, 30 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг биринчи мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Дмитрий Медведевни қабул қилди.

Президент меҳмонни самимий қутлар экан, стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳидаги икки томонлама муносабатлар жадал ривожланаётгани ва изчил мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Фото: government.ru

Россия Ҳукумати Раиси, ўз навбатида, самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Фото: government.ru

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда ўзаро алоқалар ва алмашинувлар фаоллашгани алоҳида таъкидланди. Товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича «яшил йўлак» самарали ишламоқда, тўқимачилик маҳсулотларини етказишда соддалаштирилган божхона тартиби жорий этилган.

Иқтисодий ҳамкорлик бўйича икки томонлама дастур доирасида ҳудудлар ва ишбилармонлар даражасида умумий қиймати 13 миллиард доллардан зиёд йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Бугун Ўзбекистонда Россиянинг «Газпром», «Лукойл», «Форус», «Татнефть», «Силовые машины», «Камаз», «Евроцемент», «Экокультура», «Газпромбанк», «ВЭБ» ва бошқа кўплаб етакчи компания ва банклари фаол ишламоқда.

Маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамланмоқда. Яқинда мамлакатимизда Россия маданият марказининг 25 йиллиги кенг нишонланди, Россиялик ватандошларнинг минтақавий конференцияси ва Москва давлат халқаро муносабатлар институти битирувчиларининг бешинчи халқаро форуми муваффақиятли ўтказилди.

Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда турли иқтисодий тармоқлардаги устувор инвестиция лойиҳаларини жадаллаштиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

«Росатом» давлат корпорацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш бўйича стратегик лойиҳани ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.