Президент Бўка туманида 5 та муҳим ташаббус доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Бўка тумани давлатимиз раҳбарининг ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурган 5 та муҳим ташаббусни ҳаётга жорий этиш бўйича намуна қилиб олинган. Бугун ушбу ташаббуслар ижроси бўйича бошланган ишлар бўкаликлар ҳаётига том маънода янги давр руҳини олиб кирди.
Биринчи ташаббус доирасида ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш мақсадида 280 га яқин тўгарак ташкил этилди. Бир пайтлар тўхтаб қолган маданият марказлари, кутубхоналар фаолияти тикланмоқда. Мактаблардаги тўгаракларни мусиқа асбоблари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Бу каби тадбирлар орқали тумандаги 10 мингга яқин ўғил-қизни санъат йўналишига қамраб олиш мақсад қилинган.
Иккинчи ташаббус асосида фарзандларимизни жисмоний чиниқтириш, спортдаги қобилиятини намоён қилиши учун зарур шароит яратиш мақсадида мактаблардаги спорт тўгараклари 35 тадан 64 тага етказилди. Маҳаллалардаги спорт майдончалари таъмирланиб, ободонлаштирилмоқда. Ровот, Катта Ровот, Навобод маҳаллаларида тадбиркорлар томонидан замонавий футбол ва волейбол майдончалари барпо этилмоқда.
Учинчи ташаббус бўйича тумандаги барча мактабларни компьютер техникаси ва юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Туман марказида яқинда ташкил этилган Рақамли технологиялар ўқув маркази ёшларнинг, умуман аҳолининг компьютер саводхонлигини оширишга хизмат қилади.
Тўртинчи ташаббус доирасида туманда “Китоб карвони” тадбирлари ташкил этилиб, 20 мингдан зиёд бадиий китоб аҳоли, жумладан, ёшларга совға қилинди. 5 та маҳалла кутубхонаси ташкил этилди. “Ёш китобхон”, “Китобхон оила” танловлари ўтказилмоқда. Бунинг самарасида китобхонлар сони ортиб бормоқда.
Бешинчи ташаббус – хотин-қизларни иш билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда Бўстон, Чавлисой, Рамадон, Катта Ровот маҳаллаларининг ҳар бирида 300 иш ўрнига эга 4 та тикувчилик корхонаси барпо этилди. Туман тадбиркорлари ташкил этган тикувчилик корхоналарида 1 минг 200 дан зиёд хотин-қиз ишли бўлди. Яна иккита тикувчилик цехи ишга тушиш арафасида.
Ҳунарманд аёлларга 585 нафар турмуш шароити оғир бўлган ишсиз хотин-қиз “устоз-шогирд” анъанаси асосида бириктирилди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 452 хотин-қизга 9,7 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилиб, 1,3 мингдан зиёд иш ўрни яратилди. “Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази” биноси таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.





















