Бишкек биқинидаги кичкинагина Қуйи Орок қишлоғида 340та оила яшайди ва аҳолиси асосан қирғиз ва турк-месхети вакилларидир. Куни кеча, бутун дунёдаги мўмин-мусулмонлар ҳайит намозларини ўқиб, байрамни нишонлаётган бир пайтда бу ҳудуд ёшлари ўртасида жанжал келиб чиққан ва бир киши шифохонага ётқизилган. Жанжал шу билан якун топмай, йириклаша бошлаган, катталар ҳам аралашган – 15дан ортиқ уй зарар кўрган, айрим уйларга ёндош бинолар ёқиб юборилган. Гувоҳларнинг сўзларига қараганда, автомобиллар ва бошқа мулкларга ҳам зарар етказилган. Қирғизистон ички ишлар вазирлиги можаро маиший эканлиги, миллатлараро характерда эмаслигини билдирган бўлсада, ўйга толдирадиган жиҳатлар талайгина...

Қирғизистон Марказий Осиёнинг ҳудуди ва иқтисоди нисбатан кичик, лекин аҳолиси сиёсий жиҳатдан анча фаол давлати ҳисобланади. Сиёсий илғорликнинг ўзи хос жиҳатлари бисёр – қирғизистонликлар ҳокиму-парламентларгача танқид қилишдан ошиниб, президентга қарши ҳам намойишлар ўтказишаверади. Сўнгги 10-15 йил ичида мамлакатда икки марта рангли инқилоблар бўлиб ўтган, тузумлар алмашган, давлат раҳбарлари қувғин қилинган. Албатта, қўшни давлат, қардош қирғиз биродарлар мустақил, ўз тақдирларини ўзлари белгилайди, биз уларга ақл ўргата олмаймиз.

Аммо ўйга толдирадиган масалалар борки, улар ҳақида сўзласа, айрим жиҳатларни таққосласа арзийди. Узлуксиз намойишлар, тузумлар алмашинуви, биринчи шахс қувғинлари иқтисодда, халқ фаровонлигида сиёсий фаоллик даражасида акс этмаган. Демократия ривожи коррупцияни бўға олмаган, ривожланиш кутилган натижани бермаган. Умуман, гап бу ҳақда эмас, мавзудан четлашдик.

Дунёда миллатпарвар ва миллатчи деган тушунчалар бор. Лекин кўп ҳолларда бу икки тоифа бир-бирига аралашиб, қоришиб кетади, кимнинг мақсади нималиги унутилади, охир-оқибат кўп ҳолларда майда миллатлар камситилади, этник гуруҳлар мазлумларга айлантирилади.

Қирғизистоннинг Ўш вилоятида бундай ҳолатлар икки марта кузатилган. 1990 йилдагиси ОАВ кучли назоратдалиги, ҳали интернет, алоқа воситалари ривожланмаган бўлгани туфайли тарих саҳифаларида узуқ-юлуқ маълумотлар билангина қолган. Лекин қирғин ниҳоятда жиддий кечган.

2010 йилдаги воқеалар эса ҳар қадамда муҳрланиб борди, этник можаролар кичик тўқнашувлар мақомини хатлаб ўтиб ҳақиқий қирғинга айланди, қон дарё бўлди. Кўчаларга «...ларга ўлим!» деган очиқдан-очиқ ёзувлар кўтарган ёшлар тўдалари чиқишди. Қонга тўлган кўзларга кексалар ҳам, гўдаклар ҳам кўринмади. Минг афсуски, ҳали ўзи шаклланиб улгурмаган ҳукумат жараённи нафақат жиловлай билмади, балки кенгайиб кетишига ҳам замин яратди. Расмий маълумотларга кўра 500 нафарга яқин, норасмийсига кўра эса 2000дан ортиқ одам