Бугун, 7 июнь куни Пойтахт бизнес марказида жамоатчилик томонидан кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган автомобилларнинг кундузи чироқ ёқиб юриш бўйича қонун нормасини амалга киритиш кечиктирилганига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилиш ташаббусчиси бўлган адлия вазирлиги матбуот ходими Севара Ўринбоева ўз нутқи билан тадбирни очиб берди.

«Ҳаммани кириб келган Рамазон ҳайити билан табриклаймиз. Сўнгги икки ҳафтада ушбу мавзу жамоатчилик томонидан қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Айтиш мумкинки, гуруҳлар икки томонга бўлинди. Кимдир ҳайдовчилар тарафида, кимдир давлат ташкилотлари тарафида бўлди. Ҳамма бу масала бўйича мунозараларда бирдек қатнашди. Охир-оқибат жамоатчилик фикри инобатга олинди», дейди у.
Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Ҳаётжон Қиличов ва ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ходими, майор Азизхон Муродов саволларга жавоб беришди. Кўплаб саволлар таклиф сифатида ёзиб олинди.
«Кўплаб автомобиллар ёниб кетиши кузатилаётгани бўйича эътирозлар бўлди. «Адлия вазирлиги бу масалани ўрганиб чиққанми?», деган саволлар берилди. Айтишим мумкинки, Адлия вазирлиги норматив ҳужжат қабул қилинишидан олдин ҳуқуқий экспертиза ўтказади. Яъни, бошқа қонун ҳужжатларига зид бўлмаслиги ва антикоррупциявий ҳолат юзасидан текширув ўтказамиз. Ушбу қарор қабул қилинганидан кейин автомашиналар ёниб кетиши, шу турдаги техник масалалар олдин бундай тартиб бўлмагани сабабли кузатилмаган. Мазкур қарор қабул қилинганидан сўнг, жамоатчилик томонидан эътироз бўлгани сабабли масала ўрганиб чиқилди. Норматив ҳужжат қабул қилинишида Адлия вазирлиги бундай техник масалаларни ўрганиб чиқиш билан шуғулланмайди. Адлия қонунчилик нуқтаи-назаридан экспертиза ўтказади. Масала юзасидан депутатлар ташаббус билан чиқишди, Адлия вазирлиги ишчи гуруҳ билан ўрганиб чиқди, барча бир ёқадан бош чиқариб ҳукумат қарори чиқарилди», дейди Ҳаётжон Қиличов.

Тадбир давомида Ўзбекистонда бундай қарорлар қабул қилишда жаҳон стандартларини олиш билан бирга Ўзбекистондаги йўллар жаҳон стандартларига тўғри келмаслиги бўйича эътироз билдирилди.
«Бу қоидадан жаҳон воз кечди дейиш нотўғри бўлади. Бу орқадан ёки олдиндан келаётган автомобил учун ҳушёрликни ошириш учун белгиланган. Автомобил ёнғини бўйича айтадиган бўлсак, автомобили ёниб кетган инсонларнинг олдига бориб сўрасангиз ҳаммаси қарор сабабли дейди. Чунки, ўзига хос характеримиз шундай.
Йўл масаласида айтадиган бўлсак, сизнинг журналистик суриштирув ўтказиш ҳуқуқингиз бор. Шахсий фикримни айтсам, ҳар бир қонун қабул қилинаётган вақтда таг замирида инсонпарварлик тамойили ётади», дейди бу саволларга жавобан адлия вакили.












