Ўзбекистон Республикаси президенти “Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Давлат солиқ қўмитаси ва Адлия вазирлигининг 2020 йил 1 январдан бошлаб:
молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш бўйича доимий ишловчи махсус ҳудудий комиссияларни тугатиш;
давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида устав фонди таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантирилмаганлиги учун тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини бекор қилиш;
давлат органлари ўртасида электрон ахборот алмашинувини жорий этиш орқали тадбиркорлик субъектларини тугатиш жараёнидаги ортиқча ҳужжатлар ва тартиб-таомилларни қисқартириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.
2020 йил 1 январдан бошлаб шундай тартиб жорий этиладики, унга мувофиқ:
а) тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларни(кейинги ўринларда – корхоналар) ихтиёрий тугатишда:
бир ёки бир неча даврий босма нашрларда корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълонлар бериш талаб этилмайди, бунда тегишли маълумотлар рўйхатдан ўтказувчи органнинг расмий сайтига жойлаштирилади;
давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган ҳамда солиқ қарзи мавжуд бўлмаган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти текширилмайди;
давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказиладиган, тугатиладиган корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини текширишнинг энг узоқ даврийлиги уч йилни ташкил этади;
молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун ваколатли давлат органларидан корхона тўғрисидаги мавжуд маълумотларни олиш Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали амалга оширилади;
корхонани ихтиёрий тугатишнинг умумий муддати рўйхатдан ўтказувчи орган ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб олти ойдан ошмаслиги керак;

















