Бугунги кунда смартфонимиздаги турли иловалар ва ижтимоий тармоқлар бир қарашда ҳаётимизни енгиллаштирадигандек кўринади. Бироқ инсоннинг ақлий қобилияти ахборотни қабул қилиш билангина чекланмайди. Олинган барча маълумотларни таҳлил қилиш, хотирада сақлаш, уларни ижодкорона ғояларга айлантириш учун мияга “фойдали бекорчилик” онлари ҳам зарур. Қуйидаги мақолада доимий онлайнлик, бошқача қилиб айтганда вақтнинг кўп қисмини смартфон билан ўтказиш, ундаги илова ва ижтимоий тармоқлардан кўз узолмасликнинг салбий жиҳатлари кўрсатиб ўтилган.

Фото: Unsplash

Мияни бўшат. Иш жуда кўп бўлса нима қилиш керак?” китобида нейропсихиатр Тео Компернолле раҳбарларни онлайндан воз кечишга чақиради. Ҳеч бўлмаганда айрим вақтларда онлайн бўлмаслик учун 13 сабаб эса қуйидагилардан иборат.

1. Доимий равишда онлайн бўлиш – оммавий ақлий мағлубият қуроли. Интеллектуал жиҳатдан самарали бўлиш учун диққат ва ақл кучини муайян вазифага жамлаш лозим. Ана ўшанда ўзингизни бир вазифадан бошқасига ўтишдан ҳимоя қилган бўласиз.

2. Доимий равишда онлайн бўлиш сизни доимий импульс-реактив режимига олиб киради. Миянгиз ташаббусни ўзлаштиради ва сиз вазиятдан келиб чиқадиган, юзаки – кам ўйланган, аниқ ва оптимал бўлмаган қарорлар қабул қилишни бошлайсиз.

3. Доимий онлайнлик ахборотни англаш, уни билим кўринишида қайта ишлаш, предмет тўғрисидаги тўлиқ таассурот, шунингдек шахсий ғояларни ривожлантириш каби анча мураккаб, бироқ муҳимроқ ақлий фаолиятни сиқиб чиқаради.

4. Доимий онлайнлик ходимларни адхократлар, ташкилотни эса адхократия (лотинчадан ad hoc — «айнан шунинг учун», «махсус ҳолат бўйича») га айлантиради. Вазиятдан келиб чиққан, яхшилаб ўйланмаган ёки умуман ўйланмаган реакциялар танқидий фикрлаш, чуқур таҳлил, стратегик режалаштиришни сиқиб чиқаради.

5. Доимий онлайнлик режимида сиз осонгина ақлий хатолар ва чалкашликларнинг қурбонига айланасиз.

6. Доимий онлайнлик сурункали кўп вазифалиликка олиб боради. Бу эса ақлий унумдорлик, хотира, ижодкорликни ёмонлаштиради ва зўриқишни оширади.