Ўзбекистон | 02:13 / 11.06.2019
38978
2 дақиқада ўқилади

ИИВ: «Прописка талаблари бўйича Тошкент шаҳри ва вилояти алоҳида ҳудуд»

Бугун, 10 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари иштирокида “Ички ишлар органларининг миграция жараёнлари ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорининг ижроси юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Асосан жиноятчиликлар профилактикаси ва миграция масалалари муҳокама қилинган тадбирда маълум қилинишича, республика бўйича профилактика инспекторлари сони 5867 нафардан 7228 нафарга етказилган, уларнинг 7056 нафари имтиёзли кредитлар асосида автомашиналар билан таъминланган.

2019 йилнинг 5 ойи давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноятлар сони 30,4 фоизга (17484тадан 12171 тагача) камайган. Жумладан ўта оғир жиноятлар 17,5, оғир жиноятлар 25,1, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар 33, ёшлар томонидан содир этилганлари 38,3, вояга етмаганлар томонидан содир этилганлари 29,2, аёллар томонидан содир этилганлар жиноятлар 27,1 фоизга камайишига эришилган.

9093  та маҳалладан 67,1 фоизида умуман жиноят қайд этилмаган.

Тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбирининг “маълумки Тошкент шаҳри ва вилоятида прописка режимини бузганлар жаримага тортилади. Худди шундай амалиёт республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам амал қиладими? Яъни Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро бирор вилоятга бориб, белгиланган муддат давомида рўйхатдан ўтмаса, жаримага тортиладими?”-деган саволига ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармаси бошлиғи, полковник Бадриддин Шорихсиев шундай жавоб берди:

— Тошкент шаҳри ва вилояти алоҳида регион. Бундай амалиёт бошқа ҳудудларда қўлланилмайди ва бошқа ҳудудларга борганлар жаримага тортилмайди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, республикамиз бўйича паспорт режимни бузганлик бўйича 586 мингдан ортиқ жарима чоралари қўлланилган, лекин буларнинг кўп қисми паспорт яроқлилик муддати ўтгани, йўқотилгани каби ҳолатлар билан боғлиқ.

Мавзуга оид