Kun.uz таҳририятига Қашқадарё вилояти, Косон туманидаги «Юксалиш» маҳалласи аҳолисидан мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда аҳоли маҳалланинг Бўлмас қишлоғидаги тиббиёт маскани фаолиятидан норозилигини, мутасаддилар томонидан муаммолари ижобий ҳал этилмаётганини баён этган.
Мазкур масалани жойида ўрганиш мақсадида ушбу маҳаллада бўлдик. Аҳоли эътирозларини тинглаб, улар айнан нимадан норозилиги ва масала моҳиятига ойдинлик киритдик.

Маълум бўлишича, бир неча йиллардан буён Бўлмас қишлоғидаги тиббиёт маскани аҳолига кўп тармоқли тиббий хизмат кўрсатиб келган. 2017 йилда ушбу тиббиёт муассаси ўрнида «Бўлмас» қишлоқ оилавий поликлиникаси филиали ташкил этилган. Айнан шу аҳолининг норозилигига сабаб бўлган.

«Аввал бу тиббиёт муассасаси жуда гавжум эди. Беморлар ётиб даволанишарди. Ҳозир бу катта бинода фақат филиал фаолият олиб бормоқда. Тўлақонли тиббий муолажа олишнинг имкони йўқ. Шунинг учун филиал эмас, балки оилавий поликлиника бўлишини хоҳлаймиз», – дейди маҳалла фаоллари биз билан суҳбатда.

Мазкур масала юзасидан Косон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О.Нарбаев билан суҳбатлашдик.
Унинг маълумот беришича, қишлоқдаги тиббиёт муассасаси 2013 йилда Бўлмас қишлоқ участка шифохонаси тугатилгандан кейин Гувалак қишлоқ врачлик пункти Бўлмас бўлими сифатида фаолият кўрсатган. Президентнинг 2017 йил 29 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида 1-сонли «Бўлмас» қишлоқ оилавий поликлиникаси филиали ташкил этилган. Ушбу тиббиёт муассаси туманниинг «Юксалиш», «Айрончи», «Этак» ва «Ушоқтепа» маҳаллаларининг 25 минг 977 нафар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатади.
Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, бу масалада Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари, вилояти ҳокими ва депутатлар келиб бир неча марта ўрганиш олиб борган, мутасаддилар томонида ҳар гал ваъдалар берилган бўлса-да, бу муаммо ижобий ҳал этилмаяпти.
Йигирма беш мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатаётган 1-сонли «Бўлмас» қишлоқ оилавий поликлиникаси филиали биноси, унда яратилган шароитлар билан ҳам танишдик.




















