Ижтимоий тармоқларда бундан буён оилавий поликлиникада рўйхатдан ўтмаган фуқароларга хизматлар пулли бўлиши ҳақида хабар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати бу хабарга раддия берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш жараёнида оилавий поликлиника ходимлари фуқаролардан шахсий ҳужжат маълумотларини талаб қилинаётгани айрим шахслар томонидан бошқача талқин қилингани аҳоли ўртасида миш-миш тарқалишига олиб келган.

“Афсуски, сўнгги кунларда давлат тиббий суғуртаси механизмларининг моҳияти тўлиқ англаб етилмасдан жамоатчилик орасида "энди оилавий поликлиника хизматлари пулли бўлар экан", деган нотўғри тушунча пайдо бўлмоқда.

Аввало шуни айтиш керакки, поликлиникада рўйхатдан ўтмаган аҳолига пулли хизматлар кўрсатилиши ҳақида интернетда тарқалган хабарлар мутлақо асоссиз. Норматив ҳужжатларга кўра, республиканинг барча фуқароларига давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар бепул тақдим этилади.

Бунинг учун фуқаро эндиликда оилавий шифокор қабулига келган вақтда шахсий ҳужжатлари маълумотлари асосида бир марта идентификациядан ўтиши лозим. Яъни “Электрон поликлиника”га маълумотларни киритиш учун фуқаро шахсини тасдиқловчи хужжатни тақдим этиши зарур”, дейилади вазирлик раддиясида.

Таъкидланишича, 2023 йил 1 июлдан Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида давлат тиббий суғуртаси тизими механизмларини жорий этиш белгиланган. Бунинг учун пойтахтдаги 71 та оилавий поликлиника, 12 та кўп тармоқли марказий поликликлиника ва 40 та шифохона компьютер жиҳозлари, зарур тиббий ускуналар билан таъминланиб, тиббиёт муассасаларини тўлиқ рақамлаштириш учун барча шароитлар яратилган.

“Мазкур тизим ишга тушгач, фуқаролар давлат бюджети маблағлари доирасида кафолатланган тиббий хизматдан фойдаланиш имконига эга бўлади. Яъни электрон базага ҳар бир фуқаро (бемор)нинг шахсий маълумотлари, ташхиси, касалликлари, олган муолажалари ҳақида тўлиқ маълумотлар киритилиб, шифокор шу асосда беморни назоратга олади ва профилактика ҳамда даволаш чораларини кўради. Қолаверса, беморлар дориларни электрон усулда ҳам олиши мумкин. Натижада оилавий поликлиникалардаги навбатларнинг олди олиниб, қатновлар сони камаяди”, дейилади ССВ хабарида.