Дунёда турли-туман саналар кўп. Уларнинг айримлари байрам сифатида нишонланса, баъзилари қайсидир муаммога эътибор қаратиш учун белгиланади. Ана шундай саналардан бири бугун, 12 июнь – «Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни» сифатида нишонланади. Хўш, нега шундай? Болалар меҳнати шу қадар йирик муаммоми?
Аввало болалар меҳнати деган тушунчага ойдинлик киритиб олиш лозим. Болалар меҳнати – вояга етмаганларни мунтазам меҳнатга жалб қилиш бўлиб, дунёнинг кўплаб давлатларида болаларни узлуксиз эксплуатация қилиш сифатида малакаланади ва қонун йўли билан таъқиб қилинади.
Ўтмишда болалар меҳнатига оддий ҳол сифатида қаралган ва бу ҳолат жуда кенг тарқалган бўлган. Аммо болалар ҳуқуқлари бўйича қатор халқаро конвенциялар қабул қилинганидан сўнг бу ҳолатга бирин-кетин барҳам берила бошланди.
БМТ ва Халқаро меҳнат ташкилоти болалар меҳнатини қоралайди. Болалар ҳуқуқлари конвенциясининг 32-боби «болаларни жисмоний, руҳий, маънавий ва ижтимоий ривожланишига тўсиқ бўлувчи, саломатлиги ҳамда таълим олишига халақит қилувчи ҳар қандай иқтисодий эксплуатациялардан ҳимоя қилиш»ни назарда тутади.
Албатта, болалар меҳнатига қарши қатор конвенциялар бор, ҳавас қилгулик қонунлар қабул қилинган. Аммо йигирма биринчи асрнинг чораги ўтиб бормоқдаки бу муаммо ҳамон ўз ечимини топмаган, айрим ҳудудларда ҳатто янада чуқурлашган.
Бугунги кунда болаларнинг пул топиш ва оиласига кўмак бериш мақсадидаги ҳаракатларига чидаш, кўз юмиш балки мумкиндир. Аммо бу ҳолатларга ҳам чек қўйиш зарурати бўлган бир пайтда мавзуга оид бунданда оғир муаммолар мавжуд.
Вояга етмаган болалар қулликка маҳкум қилинмоқда, жанговар ҳаракатларда иштирок этишмоқда ва аянчлиси ҳатто жинсий эксплуатацияларга ҳам дучор бўлишмоқда.
Африка давлатлари, Яқин Шарқ ва узоқ йиллардан буён Сурия, Ироқ ва Афғонистон каби ҳудудларда бу борадаги аҳвол ниҳоятда мураккаб.
Халқаро меҳнат ташкилоти ва Walk Free жамғармасининг бу борадаги тадқиқотлари кишини ўйга толдиради: сўнгги маълумотларга қараганда дунё бўйлаб 40 миллиондан ортиқ инсон замонавий қулликка маҳкум, яъни ўз ихтиёрига қарши ва рамзий ҳақ ёки шунчаки қорин тўйдириш эвазига ишлайди. 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган 152 миллион бола шунча тақиқларга қарамай болалар меҳнатига мунтазам















