«Тараққиёт стратегияси» марказида Давлат хизматлари агентлиги томонидан болаларни давлат мактабларига қабул қилиш ва олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш тартибидаги янгиликларга бағишланган брифинг ташкил этилди.
Таъкидланишича, 2019/2020-ўқув йили учун болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига 1-синфга қабул қилиш 2019 йил 15 июндан бошлаб Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали босқичма-босқич жорий этилади.
Тасдиқланган маъмурий регламентга асосан, регламент талаблари қуйидаги умумтаълим муассасаларига нисбатан қўлланилади:
- бошланғич мактаб;
- умумий ўрта таълим мактаби;
- айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб (ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ва мактаб-интернатларига, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари бундан мустасно).
– Жорий йил Тошкент шаҳрида 46806 нафар бола биринчи синфга қабул қилиши режалаштирилган, – дейди Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси бўлим бошлиғи Баҳром Бакиев. – Пойтахтда 287та умумий ўрта таълим мактаб фаолият юритади, бундан ташқари, мактаб ва ёрдамчи интернатларни ҳам қўшсак, улар сони 303тага етади. Тегишли қарорга мувофиқ 81та умумий ўрта таълим мактаби эксперимент сифатида танлаб олинган. Шаҳар марказида жойлашганлиги, ота-оналарнинг талаби юқорилари, Тошкент вилоятига яқинроқ ҳудуддаги мактабларни ҳам танлаб олдик. Мактабларга қабул микроҳудудлар (туман ҳокимликлари) орқали амалга оширилади. Яъни микроҳудуддаги болалар сони ҳисобга олинади.
Танлаб олинган мактабларга қабул асосий ва қўшимча квота асосида ташкил этилади
Мактабларга қабул квотаси асосий ва қўшимча квота турларига ажратилади.
Асосий квота — туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан умумтаълим муассасаларига бириктирилган микроҳудудда истиқомат қилаётган фуқароларнинг фарзандлари, отаси ёки онаси I гуруҳ ногирони бўлган ҳамда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сонини инобатга олган ҳолда шакллантирилади;
Қўшимча квота — умумтаълим муассасаларининг имкониятидан келиб чиқиб, микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги, микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган (тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган), шунингдек, умумтаълим муассасаларида таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар учун ажратилади.
















