Бугун, 12 июнь куни Москвада журналист Иван Голуновни қўлловчи норозилик акцияси ўтказилди. Намойишга чиққанлар Голуновга нисбатан сохта айбловлар қўйилганини қоралаб чиқишди. Норозилик акциясида 400 га яқин одам қўлга олинди. Кўчаларда норозилик намойиши ўтказилаётган бир вақтда Кремлда Россия куни муносабати билан (12 июнь куни Россия Собиқ Иттифоқдан ажралиб чиққан кун. Бундай кунни собиқ Иттифоқнинг қолган 14 давлати мустақиллик куни деб нишонлайди. Россия эса 14 та мустамлакасини расман бой берган кунини Россия куни деб номигагина нишонлайди) маданият соҳасида ўзини кўрсатганлар давлат мукофотлари билан тақдирланишди.

Шахсан Путиннинг қўлидан мукофот оладиганлар орасида пианиночи Николай Луганский ҳам бор эди. У маросимга қизи журналист Анна Луганская билан борганди. Анна Кремлга Россияда охирги кунлар қаҳрамонига айланган Иван Голуновни қўллаб-қувватловчи «Мен/Биз Иван Голунов» деб ёзилган футболка билан борди. Албатта, уни бу кийимда ичкарига киритишмаган бўларди, аммо журналист қиз ўзига хос тактика қўллади. Анна Кремлда нималар бўлгани ҳақида ҳикоя қилди.

Фото: Twitter/@maxseddon

«Мен ҳозир Москва давлат университетининг тарих факултетида магистратура бўлимида ўқийман. Чунки тарих менга доим ёққан. Ўқиш билан бирга Medialeaks нашрида ҳам ишлайман. Биласизми, ҳар хил митингларда, норозилик акцияларида қатнашишга одатланмаганман, лекин Голунов билан боғлиқ вазият мени ўзгача фикрлашга мажбур қилди. Ахир йўқ жойдан бир одамга наркотик қистириб кетиш тўғри эмас-да.

Унинг ўрнида биз ҳам бўлишимиз мумкин эди. Ҳар бир Москва фуқароси, шундай вазиятга тушиб қолиши мумкин бўлган ҳар қандай одам Голуновни ҳимоя қилиши керак эди. Ахир бу ҳолатга, бизнинг бирор танишимиз ёки яқинимиз ҳам бўлиши мумкин эди-ку, тўғрими?

Мен кўплаб танишларим каби Голуновнинг тақдиридан хавотирга туша бошладик. Дўстларим билан суд биноси олдига бориб «Иван Голуновга озодлик» деб бақирдик ва бу учун ўзимни қайсидир маънода бахтли ҳис қилдим. Шу орқали унга ёрдам бергандек бўлдим гўёки.

Голуновнинг ишини ёпишгани ва у озодликка чиққани ҳақида ишдалигимда билдим. Ўша вақт шунчалик хурсанд бўлдимки... Голуновнинг чиқишини жонли эфирда кўриб, жуда ҳаяжонландим. Унинг ити учун алоҳида ҳаяжонландим.

Футболкани кеча сотиб олдим. Аввалига бу футболкани кийиб намойишга бормоқчи бўлдим, лекин Голунов озод қилингач, бунга эҳтиёж йўқлигини сездим. Отам тақдирлаш маросимида унинг ёнида бўлишимни жуда хоҳлаганди. Менинг туйғуларим чалкашиб кетди. Ахир мен Кремлда бўлган вақтда ташқарида одамларни калтаклашаётганди. Шу боис ичкарида ўзимни ноқулай ҳис қилдим.