Вазирлар Маҳкамасининг 7 июнь кунги 468-сонли қарори асосида Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Унга кўра, айрим ОТМларга (уларнинг сони 5та) ҳужжат топшириш Давлат хизматлари маркази ва Ягона портал орқали амалга ошириладиган бўлди.

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худайбердиев мазкур қарорда кўпчилик эътибор қилмайдиган «бир айёрлик ўтиб кетгани» ҳақида ёзди.

«Қарорнинг 11-бандида аввалги йилларда тугатган абитуриентлардан ҳужжат қабул қилишда ЭКИҲнинг ярим баравари (101365 сўм) миқдорида тўлов ундирилиши белгиланган.

Шу банднинг ўзида мазкур тўловлар Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилиши айтилган. Ҳа, бу янгилик эмас, бу ҳақида аввалроқ ПҚ-4319-сонли Президент қарорида ҳам айтилган эди.

Бир қарашда ҳаммаси жойидадек. Аммо қарорга илова қилинган Регламентда абитуриентларни сюрприз кутиб турибди.

Регламентнинг 11-бандида давлат хизмати кўрсатилгани учун аввалги йилда тугатган абитуриентлардан ЭКИҲ 50 фоизи (101 минг 365 сўм) миқдорида тўлов олиниши белгиланган.

Бу пулнинг 50 фоизи Адлия вазирлиги ҳузуридаги жамғармага, 10 фоизи Ички ишлар вазирлигининг жамғармасига, қолган маблағлар давлат бюджетига ўтказилиши таъкидланган.

Нима бўлганини тушундингизми? Демак, бундан чиқди, ТДЮУ, ҚДУ, СамДУ, ФарДУ ва ГулДУга ҳужжат топширмоқчи бўлган ҳамда ўқишни аввалги йилларда тугатган абитуриентлар 2 марта тўлов қилади:

1) ДТМ жамғармасига ўтадиган 101 минг сўм;
2) Адлия, Ички ишлар ва давлат бюджетига ўтадиган яна алоҳида 101 минг сўм.