11 июнь куни Суриядаги қуролли тўқнашувлар ҳудудидан қайтарилган 156 нафар аёллар ва болаларга паспорт ҳамда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар тақдим этилди. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов фейсбукдаги саҳифасида Ўзбекистон Республикаси Махсус комиссиясининг баёнотини келтирди.
«Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан муқаддас Рамазон ойида Сурия давлати ҳудудидан ўз ватанига қайтарилган 156 нафар ўзбекистонликлар реабилитация ва жамиятга қайта мослашишлари учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилмоқда.
12 июнь куни санаторийдаги 156 нафар фуқаронинг реабилитациясининг биринчи босқичи якунланди.
11 июнь куни махсус комиссия томонидан ҳудудлардан вилоят ҳокимларининг ўринбосарлари иштирокида 47 нафар аёлга фуқаролик паспортлари ва 102 нафар болага туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни топшириш маросими ўтказилди.
Маросим доирасида 142 нафар фуқарога, жумладан 47 аёлга энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баробари ва 95 нафар болага энг кам ойлик иш ҳақининг беш баробари миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.
3 нафар етим бола «Меҳрибонлик» уйига, 3 нафари «Кичкинтой» болалар уйига жойлаштирилди. 2 нафар бола ўзининг қариндошларига васийлик асосида расмийлаштирилиб берилди. Россия Федерацияси фуқаролари бўлган 1 аёл ва унинг 4 нафар фарзанди ўз ватанига қайтарилгунгача реабилитация қилиш марказига жойлаштирилди. 1 нафар фуқаро шифохонада даволанмоқда.
Фуқаролар 12 июнь куни эрталабдан темир йўл транспорти ва автомашиналарда вилоятдан келган ҳоким ўринбосарлари кузатувида яшаш жойларига юборилди. Куннинг иккинчи ярмида улар ўз яшаш манзилларига етиб боришди.
«Меҳр» дастурининг биринчи босқичида 30 майдан 12 июнгача фуқароларнинг реабилитацияси кейинги босқичига тайёрлаш учун қуйидаги тадбирлар ўтказилганига алоҳида тўхталиб ўтмоқчимиз:
а) Мактабгача таълим вазирлиги томонидан болаларга эркин мавзу бўйича расмлар чиздирилди, мусиқали дастур асосида маданий ҳордиқ чиқарилди. «Ўзбекистон – Ватаним», «Менинг маҳаллам ва оилам» мавзуларида таълим-тарбия машғулотлари олиб борилди.
б) Халқ таълими вазирлиги томонидан давлат мадҳияси ва рамзлари ўргатилди. Болаларнинг сезги, хотира, тафаккурлари ривожланиш даражасини аниқлаш мақсадида «Люшер» ва «Психогеометрия» диагностикалари ўтказилди.
Болалар учун мазкур даврда боғча ва мактаб синфлари ташкил этилди.















