14 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мутасаддилари иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда Саид-Абдулаиз Юсуповнинг иши юзасидан ҳам саволлар берилди.
«Жиноят-процессуал кодексининг 345-моддасида қайси орган қайси ҳолатда кўриб чиқиши мумкинлиги келтириб ўтилган. Унда 168-модданинг (фирибгарлик) иккинчи ва учинчи қисмларида ички ишлар органлари ваколатидалиги белгиланган. 168-модданинг 4-қисми «а» банди бўйича қайси орган ишни олиб бориши келтирилмаган.

Жиноят-процессуал кодексимизда жиноятлар борки, тегишлилиги кўрсатилмаган. Бундай ҳолатларда жиноят ишини қўзғатган орган терговни олиб боришга ҳақли ҳисобланади. Бу шахс айнан Давлат хавфсизлик ходимиман деган важ билан жабрланувчилардан катта суммада пул олган. Мана шу аргумент юзасидан ҳам Давлат хавфсизлик хизмати тергов олиб бормоқда. Унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Бу иш юзасидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган. Бош прокуратура қабулхонасига Саид-Абдулазиз Юсуповнинг онаси мурожаатидан сўнг, назорат қилувчи прокурор томонидан тиббий ва комиссиявий экспертиза тайинланди. Бундан ташқари, ортиқча тушунмовчиликлар бўлмаслиги туфайли ҳам тиббий экспертиза ва комиссиявий экспертиза ўтказилди. Уларнинг натижалари яқин кунларда эълон қилинади», дея маълумот берилди Юсупов иши нега ДХХ томонидан кўриб чиқилаётгани тўғрисидаги саволга жавобан.
Журналистлардан бири «Саид-Абдулазиз Юсуповнинг жиноий шериклари бўлган-бўлмагани» ҳақида сўради.
«Ушбу тергов ҳаракатларида шахсан қатнашмаганман. Менга берилган маълумот доирасида маълум қилишим мумкин. Унинг жиноий шериклари ҳақида бирор маълумот беролмайман», дея жавоб қайтарди Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова.
«Бу иш тафсилотларини аниқлаш бу тергов жараёнида аниқланадиган ҳолат. Бу иш бизнинг назоратимизда. Лекин бу бизнинг иш юритувимизда дегани эмас. Ўйлайманки, Саид-Абдулазиз Юсупов иши бўйича суд ўзининг муносабатини беради. Айблов хулосаси ўрганилади. Суд муносабатидан сўнг, бу масалага қайтиш тўғри бўлади», дея Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Олдинроқ Жиноят кодексининг 168-моддаси билан айбланаётган Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди собиқ директори Саид-Абдулазиз Юсуповнинг ўз адвокати билан кўриша олмаётгани айтилганди. Айбланувчининг укаси Муҳаммад Баҳоуддин Юсупов ўзининг фейсбукдаги саҳифасида шу ҳақда маълум қилди. Кичик Юсупов акасининг адвокати мижози билан яна (!) учраша олмаганига урғу берган.















