Ўзбекистон | 00:00 / 09.06.2019
119467
4 дақиқада ўқилади

Юсупов иши: иддаоларга мос бўлмаган расмий баёнот яна пайдо бўлди

Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсуповга  тергов давомида жисмоний қийноқ ёки руҳий тазйиқлар бўлмаган, дея хабар тарқатди Бош прокуратура ахборот хизмати. 

10 май куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси («Фирибгарлик») назарда тутилган жиноятни содир этишда айбланиб, қўлга олинган  журналист Саид-Абдулазиз Юсупов ўзини ДХХ ходими сифатида таништириб, фирибгарлик йўли билан фуқаролардан 65 минг, 28 минг ва 15 минг АҚШ доллари олганликда гумон қилинмоқда. 

Ижтимоий тармоқлар, бир қатор электрон ва босма нашрларда танқидий чиқишлари билан танилган журналистнинг укаси Муҳаммад Баҳоуддин Юсупов эса терговга қадар эълон қилинмаган Саид-Абдулазизнинг видеомурожаатини ижтимоий тармоққа юклаганди

Журналист видеомурожаатдаги ўз сўзида ҳар гал Президентнинг ислоҳотларини қўллаб-қувватлаши, аммо бу ҳаракатлари учун босимда қолаётганини айтган. Хусусан, Юсупов ўзининг қамалиши ёхуд ҳаётига хавф етиши каби фаразларни илгари суриб, Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилган. 

Терговда бўлган Саид-Абдулазиз Юсуповнинг саломатлиги яхши эмаслиги ҳақида унинг яқин қариндошлари илк маълумотларни тарқатди. Айбланувчининг турмуш ўртоғи Дилфуза адвокат Алимардон Шоймардоновга иқтибосан айтишича, Юсупов қайта-қайта мурожаатлардан сўнг, учрашишга муваффақ бўлган адвокатига «оперлар уни уриб, ичини тўкиб юборгани»ни билдирган.

«Республика Суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали томонидан ўтказилган 16.05.2019 йилдаги хулосасида С.Юсуповда қон-томир касаллиги аниқланган бўлса-да, айбланувчининг саломатлиги ҳолати унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиши ва тергов ҳаракатларида иштирок этишига тўсқинлик қилмаслиги кўрсатилган» -  дейилади Бош прокуратуранинг баёнотида .

Шунга қарамай, адвокат Юсуповнинг танасида кўкарган ва шишган, қизарган жойлари пайдо бўлганини кўргани ҳақида Дилфузага айтгани иддао қилинди. 

Саид-Абдулазизнинг онаси, яқин қариндошлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари, жумладан Малоҳат Эшонқулова ва Елена Урлаева терговда холислик ва очиқлик талаб қилиб, Бош прокуратура биноси олдида тинч норозилик пикетини ўтказишини билдирганди. Белгиланган тадбир кутилгандек 7 июнь куни амалга ошмай, турли важлар билан туман ИИБга чақиртирилган ҳуқуқ ҳимоячилари намойишда иштирок этишолмади. 

Шундан сўнг, 8 июнь куни Бош прокуратура адвокат Шаймардонов ва тергов устидан назорат олиб борувчи прокурор Раҳматуллаев иштирокида мутахассис-шифокорларни жалб қилган ҳолда айбланувчи Юсупов тиббий кўрикдан ўтказилгани ҳақида маълумот тарқатди. 

«С.Юсупов ўз ҳимоячиси А.Шаймардонов иштирокида ихтиёрий берган ёзма тушунтиришида унга нисбатан тергов жараёнида ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий тазйиқлар ўтказилмаганлигини, ҳозирда касаллиги бўйича тегишли дори воситалари ва тиббий муолажаларни ўз вақтида олаётганлигини билдирди», - дейилади Бош прокуратуранинг  ахборотида. 

Маълумот учун, Саид-Абдулазиз Юсупов ижтимоий тармоқлардаги кескин баёнот ва туркум кўрсатувлари билан машҳур бўлганди. Унинг муаллифлигида эълон қилинган «Оқ ва Қора» туркум кўрсатувида мамлакат раҳбари сиёсатини қўллаб-қувватлашга чорлов бўлиши билан бирга, ислоҳотларнинг самарали олиб борилишига халақит қилувчи камчиликлар эътироф этилган. Шунингдек, Юсупов бир қатор таҳлилий ва танқидий мақолалар билан ОАВда чиқишлар қилиб келади.

Мавзуга оид