Лайфхакер кучни муҳим ишларга йўналтиришда ёрдам берадиган барчага маълум ва кутилмаган усуллар билан ўртоқлашди.

Вақт ва вазифаларни бошқаринг

Фото: Лайфхакер

1. Вақтни секинлаштиринг

Одатда бир дақиқада 12 тадан 15 тагача нафас оламиз. Агар чуқурроқ нафас олинса, вақтни қабул қилишни «секинлаштириш» мумкин. Бунинг учун диафрагма ва қорин мушакларини ишга солган ҳолда нафас олинг. Иш кунининг боши, мураккаб вазифага киришишдан олдин ёки асабийлашганда 7-9 марта ана шундай чуқур нафас олинг.

2. Кейин қайта ишламаслик учун ишни синчковлик билан текширинг

«Етти ўлчаб, бир кес» мақоли ёдингиздами? Барини тўғри бажарганингизни икки марта текширинг. Ана ўшанда хатоларни тўғрилаш учун вақт сарфламайсиз.

3. Телевизорни камроқ кўринг

Агар фильм, сериал ва бошқа кўрсатувлар учун сарфлаган вақтимизни қўшиб ҳисобласак, йиллар ҳосил бўлади. Ахир томоша қилиш учун кўрсатувларни танлаш, кейин эса уларни муҳокама қилиш учун ҳам вақт кетади. Яхшиси уни бирор фойдали нарсага сарфланг.

4. Эрта уйғонинг

Бу сизга иш олдидан кўпроқ вақт беради. Хабарларга жавоб бериш ва кунни режалаштириш ёки ўзингизга вақт ажратиш мумкин: китоб ўқиш ва спорт билан шуғулланиш.

5. Вақт кундалигини юритинг

Бир неча ой давомида вақтингизни нимага сарфлаётганингизни қайд этинг.  Вақт қайси пайтларда бекорга сарфлангани, қайси танаффуслар айниқса самарали эканини пайқайсиз.

6. Кутиш вақтини фойдали ўтказинг

Навбат кутиш вақтида мақола ўқиш, почтани тартибга келтириш, муҳим ҳужжатнинг қораламасини ёзиш мумкин.