«Ўзшаҳарқурилишинвест» инжиниринг компанияси томонидан арзон уй-жойлар бўйича ягона электрон маълумотлар базаси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда компания томонидан ташкил этилган «Арзон уй-жойлар халқ фаровонлиги йўлида: таҳлил, муаммо ва ечим» мавзуидаги республика семинарида айтиб ўтилди, деб хабар қилмоқда компания Ахборот хизмати. 

Фото: Ўзшаҳарқурилишинвест Ахборот хизмати

Хўш, бу лойиҳа нимаси билан эътиборга молик? Гап шундаки, мазкур лойиҳа амалиётга татбиқ этилгач, давлат дастури асосида республика миқёсида қуриладиган уй-жойларнинг мавзелари, уларнинг сони ва нархлари, бошланғич бадал ҳамда ажратиладиган ипотека кредити ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, уй-жойларга бириктирилган фуқаролар ҳақидаги маълумотлар, уларнинг уй-жойга муҳтожлиги сабаблари ҳақидаги тўлиқ маълумотлар онлайн тартибда ягона электрон базада шакллантирилади. 

Фото: Ўзшаҳарқурилишинвест Ахборот хизмати

Натижада соҳада қонунбузилиш ҳолатлари, уй-жойларнинг нархлари бўйича келишмовчиликлар ва ҳужжат ишлари билан боғлиқ ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади ҳамда шаффоф тизим яратилади. Шунингдек, анжуманда қурилиш – монтаж ишлари давомида лойиҳа – смета ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришлар, кўп қаватли уйларда лифт қурилмалари ўрнатилиш тартиби, аҳолига уй-жойларни расмийлаштириш бўйича 2018 йил дастурига мувофиқ амалга оширилган ишлар ва 2019 йилдаги мақсад ва вазифалар  муҳокама этилди. 

Фото: Ўзшаҳарқурилишинвест Ахборот хизмати

Семинарда республикамизнинг барча вилоятларидан келган қурилишда техник назоратни амалга ошириш бўйича мутахассислар ўзаро тажриба алмашишди ҳамда пойтахтимизнинг Сергели туманида бунёд этилаётган арзон уй-жойлар қурилиши билан яқиндан танишишди. Хусусан, мутахассислар эксперимент тариқасида 2019 йил қурилиш дастури доирасида барпо этилаётган 80 хонадондан иборат 16 қаватли қуйма темир-бетон типидаги тураржой биносини кўздан кечирдилар. Ушбу тураржой лойиҳаси зилзилабардошлилик даражаси юқори бўлиб, жаҳон стандартларига тўла жавоб беради. Бу типдаги баланд қаватли тураржой биноси Андижон шаҳрида ҳам бунёд этилмоқда.