Баъзан хасталикларни даволаш учун турли анъанавий ва ноанъанавий усулларни қўллаш, энг қиммат ва ноёб дори-дармонларни синаб кўриш ҳам наф бермайди. Мисол учун, оддийгина семиришдан азият чекиб, озиш учун ўзини ўтга-чўғга урадиганлар, турли хилдаги парҳез-у спорт машқларини қўллаб кўрадиган, аммо ҳеч қандай ижобий натижага эришолмаётганидан нолийдиганлар кўп учрайди. Шунга қарамай, тиббиётда  гоҳида даволанмас дея эътироф этилган саратонни ҳам енгиб ўтганлар ҳақидаги гаплар қулоққа чалинади.

Тиббиётнинг энг қадимий йўналишларидан бири бўлган психосоматика буни инсоннинг руҳий ҳолати билан боғлайди. Психосоматика (юнонча «психо»  ─ руҳ, «сома»  ─ тана сўзларидан таркиб топган) касалликларнинг пайдо бўлиши ва ривожланишида руҳий омилларнинг таъсирини ўрганувчи фан ҳисобланади. 

Мазкур назарияга кўра, организмда хасталик вужудга келишига жисмоний ўзгаришлар билан бир қаторда руҳий бузилишлар ҳам сабаб бўлади. Агар хасталик дори ва бошқа муолажалар натижасида ҳам барҳам топмаса, демак, муаммонинг ечимини руҳиятдан қидириш лозим.

Дилрабо Муҳаммаджонова, олий тоифали шифокор, тиббий психолог:

─ Муайян хасталикни дорилар орқали муолажа қилиш уни вақтинчалик тўхтатиши, симптомларни йўқотиши мумкин, аммо касаллик негизига таъсир кўрсатмайди. Натижада сал вақт ўтгач, хасталик яна такрорланиши, сурункали кўринишга ўтиб кетиши, ачинарлиси, бошқа жиддий касалликларни ҳам эргаштириб келиши мумкин. Мисол учун, ҳолсизликка ҳеч ким жиддий эътибор қаратмайди. Бир ухлаб турсам, ўзимга келаман, деб ўйлайди. Ваҳоланки, ҳолсизлик тўйиб ухлаш, витаминлар қабул қилиш билан ҳам барҳам топмаслиги мумкин. Агар у даволанмай қолаверса, иммунитетнинг тушишига сабаб бўлади, бу эса инфекцион хасталикларни юқтириб олиш хавфини пайдо қилади. Шу боис хасталик тиббий муолажалар орқали шифо топмаяптими, демак, руҳиятни даволашга киришиш лозим. Лекин, албатта, биринчи навбатда организмдаги ўзгаришлар (шамоллаш), овқатланиш ва дам олиш тартиби кабиларга ҳам эътибор қаратиш керак. Иситма қирққа чиқиб турганда руҳиятнинг соғайишини кутиб туриш ярамайди, тиббий муолажага мурожаат қилинади. Руҳий давони биринчи ва асосий планга олиб чиқиш эмас, ундан қўшимча самара воситаси сифатида фойдаланиш лозим.

Фото: Depositphotos

Бироқ психолог ҳузурига бориш, руҳиятни соғломлаштириш каби масалаларга ҳали жамиятда жиддий ёндашув шаклланмаган. Одамлар ўз дардига шифокордан даво топмаса, мулла-ю, азайимхонлардан нажот истайди...