Сиз аҳамиятингизни қаратмайдиган белгилар аслида ҳаёт учун хавфлидир.
Қалқонсимон без бўйиннинг олдинги қисмида жойлашган ва шаклан капалакни ёдга солувчи орган. У асаб тизими, овқат ҳазм қилиш, суяк тўқималари ва репродуктив саломатликка ўз таъсирини ўтказади.
Без 3 хил гормонни ажратиб чиқаради. Агар бирортасини синтез қилиш жараёнида камчиликлар кузатилса, организмнинг доимий иш фаолиятида узилишлар ва касалликлар юзага келади. Гормон ўзгаришлари бир неча сабаблар туфайли келиб чиқиши мумкин: дори воситалари қабул қилиниши, вирусли инфекциялар, иммун тизими заифлашиши, йод танқислиги, ҳомиладорлик ва туғруқдан кейинги давр. Одам боласи кучсиз қалқонсимон без билан туғилиши ҳам мумкин.
Касаллик деб гормонларнинг етарли ишлаб чиқарилмаслиги ва ортиқча ишлаб чиқарилишига айтилади. Муаммо бартараф этилмаса, у юрак хасталикларига, ҳомиладорлик ва туғруқ оғир асоратлар билан кечишига, ҳомила тушишига, баъзи ҳолатларда комага олиб келиши мумкин.
Гоҳида заиф аломатлар ҳам жиддий касалликлардан белги бера олади. Лекин доимо уларни вақтида пайқаб, ўз ҳаётини сақлаб қолишнинг имкониятлари етарли.
1. Вазн ўзгаришлари
Шифокорлар биринчи навбатни диққатни вазн ўзгаришларига қаратишади. Агар танада гормонлар меъёрдан ортиб кетса, одам бирданига озиб кетади. Одатдагидан кўп овқат истеъмол қилинганда ҳам, вазн ташлаш давом этади — бу ҳолатда овқатланиш режими ўзгариши ҳеч қандай таъсирга эга эмас.
Гормон даражасининг тушиши эса, аксинча, вазн йиғилишига олиб келади. Метаболизм секинлашади ва натижада организм ортиқча калорияни ёғ шаклида йиға бошлайди. Шу сабабли парҳез ва фитнесларга қатнаш ҳам қоматни ушлашга ёрдам бера олмайди. Натижага фақатгина гормонал фондаги ўзгаришларни меъёрга келтирувчи даволаш курсидан кейин эришиш мумкин.
2. Кайфият бузилишлари
Гормонлар бизнинг асаб тизимимизга ўз таъсирини тўғридан-тўғри ўтказгани учун ҳам, кайфиятимиз уларнинг даражасига боғлиқ. Носозликлар аломатларига ҳамма нарсага лоқайдлик, ҳиссий қўзғалувчанлик, ваҳима, хавотир, йиғлоқилик ёки ўзини тажовузкорона тутиш киради.
Инсон ўзидаги ўзгаришларни пайқаши осон эмас. Кўпинча уларни ишдан кейинги чарчоқ, ҳар кунги стресс ва ҳаёт қийинчиликларига боғлаш мумкин. Ўз кайфиятингизга эътиборли бўлинг: агар у арзирли сабаб бўлмаганда ҳам ёмонлашса ва бир неча кун давомида ўзингизга кела олмай юрсангиз, сизда психотерапевт қабулига бориш учун арзирли сабаб мавжуд.

















