Бугун, 19 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимлари ва журналистлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбир давомида ОАВ ходимлари МИБ фаолиятини такомиллаштириш, асоссиз қарздорлик тўловларини ундириш каби ҳолатлар ва соҳадаги мавжуд қатор камчиликлар ва уларни бартараф этиш чоралари юзасидан саволлар беришди.

Саволлардан бири Фарғона вилояти МИБ раҳбари билан рўй берган ҳодиса юзасидан бўлди.
«Фарғона вилояти ҳокимининг (Шуҳрат Ғаниев) вилоят МИБ раҳбарига (Акмал Каримов) нисбатан қўпол гаплари интернетда тарқалди.
Биз вилоят ҳокими билан боғландик. У интернетда тарқалган гаплар эски гаплигини, ҳозирда бюро раҳбари билан алоқаси яхшилигини айтиб ўтди.
Биз бу борада қатъий чора кўриш бўйича мурожаат қилмаганмиз. Шу жумладан, Фарғона вилояти МИБ бошлиғи ҳам ҳеч қаерга мурожаат қилмаган», дея Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори ўринбосари Содиқжон Бердиалиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Май ойи охирида «Озодлик» радиоси Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев томонидан ўтказилган мажлислардан бирида олинган аудиони тарқатганди.
Хабарда бу аудио 2019 йилнинг 22 май куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган мажлисда ёзиб олингани айтилганди.
Аудиохабарда вилоят ҳокими Мажбурий ижро бюроси ва Солиқ идораси бошлиқларига уларнинг «ичагини суғуриб, бошига салла қилиш» билан таҳдид қилганини эшитиш мумкин.
«Бекор ҳазиллашяпсан иккаланг. Умринг 5 йил, 10 йил қамоқда ўтади. Сен МИБ бошлиғи бўласанми, бошқа бўласанми, ундан нари бўласанми, сен номардларни.
Бизнинг одамларимиз нима бўлади? Бизнинг кўчаларимиз нима бўлади? Сувимиз нима бўлади, обод қишлоғимиз нима бўлади? Пулни қаердан оламан?», дейди ҳоким.
Кейин у танқидга учраган раҳбарларга тушунтириш хати ёзиб беришни тайинлаган.
«Хатни ёзиб берасиз, ука. Биз бу пулни тушириб бера олмаймиз, кечирасиз, бу қўлимиздан келмайди, деб ёзасиз, кейин сизни безовта қилмаймиз», дея юмшоқ оҳангда гапиради у.







