Қоҳира бир неча юз йиллар давомида турли давлатлар пойтахти бўлган ва тарихи давомида кўп нарсани бошдан ўтказган. Бироқ ҳозирги кундаги аҳолиси, саноат корхоналари, бир неча километрга чўзилган автомобиль тирбандликларига эга Қоҳира Мисрнинг замонавий пойтахти концепциясига мос келмаяпти. 20 миллиондан ортиқ мисрлик (мамлакат жами аҳолисининг 1/5 қисми) яшайдиган пойтахт агломерацияси майдони ҳар йили тобора кенгаймоқда, шаҳар чеккаси эса машҳур Гиза пирамидалари ва Сфинкс ҳайкалига яқинлашган.

Қоҳира шаҳрининг “юкини енгиллаштириш” учун Янги Қоҳира аҳоли пункти ташкил этилган. Бу ерга давлат ва жамоат муассасаларининг бир қисми кўчирилган. Бироқ бу ҳам пойтахтдаги мавжуд муаммоларни ҳал қилмади – шаҳар ўсишда давом этди. Бироқ яқин келажакда Қоҳирадан шарқда жойлашган, саҳрода қуриладиган шаҳар Миср пойтахтига айланади, деб ёзмоқда TravelAsk.
Лойиҳа Африкадаги энг катта қурилиш ишларидан бири бўлиши режалаштирилган. Бўлажак пойтахт эса мамлакатнинг аҳоли кам жойлашган ушбу ҳудудининг ривожланишига ҳисса қўшади.

Миср Араб Республикасининг янги аҳоли пункти Ведиан номини олди, у таржима қилинганида “дарёли водийлар” маъносини англатади. Аслида бўлажак пойтахтнинг жойи саҳро юрагида, Сувайш порт шаҳрига олиб борадиган автотрасса яқинида жойлашган ва ҳудудда йирик дарё мавжуд эмас. Мамлакат раҳбариятининг фикрига кўра, янги пойтахт замон билан ҳамнафас янги Миср тимсоли бўлибгина қолмай, Қоҳира ва Сувайш портини боғлаш учун ҳам хизмат қилиши лозим. Бу эса ижобий иқтисодий самара келтиради.

Янги шаҳарда 7 миллион киши яшаши кўзда тутилган. Бу ерга республика ҳукумати, уларнинг оила аъзолари биринчилардан бўлиб кўчиб келади. Дастлаб шаҳар мамлакатнинг сиёсий-маъмурий маркази бўлиши, шунингдек, бу ерда бизнес-марказ ва банклар тўпланиши режалаштирилганди. Бироқ вақт ўтиши билан шаҳар ўзига ажратилган квотадан ортиши, аҳоли сони тобора кўпайиб бориши ҳам ҳисобга олинган.












