Ўзбекистон | 08:10 / 20.06.2019
8904
2 дақиқада ўқилади

Fitch Ratings рейтинг агентлиги Тошкентга “Барқарор” прогнози билан “BB-” рейтингини берди

Фото: Pinterest

Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги Тошкентга суверен рейтинг даражасида “Барқарор” прогнози билан узоқ муддатли “BB-“ рейтингини берди. Бу ҳақда Тошкент ҳокимлиги матбуот хизматида маълум қилинди. 

19 июнда ҳокимликда шаҳар раҳбариятининг Fitch Ratings’нинг Россия/МДҲ ва Қора денгиз минтақаси бўйича ҳудудий раҳбари Дмитриев Сурков билан Тошкентга рейтинг берилишига бағишланган учрашуви бўлиб ўтди.

Бундай баҳо Тошкент умуман олганда барқарор ва ижобий, истиқболли молиявий вазиятга эга шаҳар эканлигини англатади.

Тошкентга бундай рейтинг биринчи марта берилмоқда ва унинг мавжудлиги пойтахтга қуйида имкониятларни беради:

- шаҳар ҳақида маълумотлар тарқатиш, мақбулроқ имиж ва ном яратиш;

- йирик корпорациялар, молиявий тузилмалар, давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан шаҳарга қизиқиш пайдо бўлиши ҳисобига потенциал инвесторлар доирасини кенгайтириш;

- кредиторлар билан кредит линиялари тақдим қилиш шартларини ўзгартириш мақсадида музокаралар олиб боришни енгиллаштириш;

- узоқ муддатли лойиҳаларни амалга ошириш молиявий шартларини енгиллаштириш;

- шаҳар номзодининг бирор танлов, мисол учун, катта кўламли иқтисодий, маданий ёки спорт тадбирини ташкиллаштириш ҳуқуқини олиш учун имкониятларини ошириш.

Fitch Ratings АҚШ корпорацияси бўлиб, биринчи навбатда Standard & Poor’s ва Moody’s рейтинг агентликлари билан бир қаторда учта энг нуфузли халқаро рейтинг агентлигидан бири сифатида маълум. Fitch Ratings каби агентликдан ижобий рейтинг олиш инвесторлар учун у ёки бизнес, шаҳар ёки давлатнинг молиявий ишончлилиги кафолати ҳисобланади.

Мавзуга оид