Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида «Навоий вилояти таркибида Ғозғон шаҳар ҳокимлигини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Қарор лойиҳасига кўра, Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳри ва Нурота тумани чегаралари ўзгариши ҳамда Ғозғон шаҳри вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритилиши муносабати билан Навоий вилояти бўйсунувидаги Ғозғон шаҳар ҳокимлиги ташкил этилади.

Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги республика комиссиясига:

10 кун муддатда Навоий вилояти таркибида вилоятга бўйсунувчи Ғозғон шаҳар ҳокимлигини ташкил этиш билан боғлиқ зарур ташкилий техник тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминлаш;

1 ой муддатда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Ғозғон шаҳри бюджетининг ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг прогноз параметрларини белгилаш;

Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Ғозғон шаҳрини ташкил этиш даврида иқтисодиёт тармоқларининг аниқ, барқарор ва бир маромда ишлаши, шунингдек, юзага келадиган ижтимоий масалаларнинг ўз вақтида ҳал этилишини таъминлаш топширилди.

Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига икки ой муддатда ташкил этилаётган вилоятга бўйсунувчи Ғозғон шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тузилмаларини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш вазифаси юклатилди.

Бундан аввалроқ Вазирлар Маҳкамасининг 2019-2021 йилларда Ғозғон шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисидаги қарори лойиҳаси эълон қилинганди.

Дастурнинг асосий йўналишлари этиб ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш даражаси ва фаровонлигини ошириш, Ғозғон шаҳрини пардоз тош қазиб олиш ва ишлов беришга ихтисослашган саноат шаҳрига айлантириш мақсадида мавжуд фойдали қазилмалар – мармар, гранит конларини ўзлаштириш натижасида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва ҳоказолар белгиланганди.

Дастур доирасида амалга ошириладиган тадбирларга барча манбалар ҳисобидан 764,1 млрд. сўм миқдорида маблағлар йўналтирилиши кўзда тутилган.