Спорт | 16:01 / 22.06.2019
24597
2 дақиқада ўқилади

Самвел Бабаян - «Локомотив» бош мураббийи

Фото: KUN.UZ

Тошкентнинг «Локомотив» клубида жамоа Суперлига 12-турида Самарқандда «Динамо»га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлганидан сўнг йиғилиш ўтказилди. Унда жамоанинг янги мураббийи маълум қилинди.

Шу вақтгача жамоада маслаҳатчи бўлиб ишлаб келган Самвел Бабаян «Локомотив» бош мураббийи этиб тайинланди. Ўтган йил «Локомотив» билан қийин вазиятдан чиқиб кетиб, мамлакат чемпионига айланган Андрей Фёдоров қониқарсиз натижалар сабаб истеъфога чиқарилди.

Самвел Бабаян ҳозиргача «Навбаҳор» ва «Пахтакор»да менежер, «Пахтакор» ва Ўзбекистон миллий жамоасида бош мураббий бўлиб ишлаган. ЖЧ-2018 саралашида ўзи хоҳлаган футболчиларни ўйнатгани учун мухлисларнинг кескин эътирозига сабаб бўлган Бабаян Жанубий Корея билан ўйиндан сўнг ўзи иштирокидаги охирги матбуот анжуманида саволларга ҳам жавоб бермай кетиб қолганди.

Кейинчалик футболчиларнинг ҳужжатларини ўзгартириш ва ўз манфаатларини миллий жамоа манфаатларидан устун қўйгани учун Бабаян бутун умрга футболдан четлаштирилганди. Лекин кейинчалик маълум бўлишича, Бабаяннинг дисквалификацияси у эълон қилинганидан икки ҳафта ўтиб бекор қилинган бўлган.

Мавзуга оид