«Янгисини қурмай туриб, эскисини бузма» деган нақл бор ва уни қайта-қайта эшитганмиз. Қарши шаҳри, «Гулшан» маҳалласи, Китоб кўчасида истиқомат қилувчи фуқароларнинг муаммоси эса раҳбарлар томонидан ана шу нақлга амал қилинмагани оқибатида юзага келган бўлса, ажаб эмас. Яъни, уларнинг уйлари бузилиб, на янгисига эга бўлишди ва на эскисининг бузилгани ҳақини олишди. Бир сўз билан айтганда аросатда юришибди. Kun.uz таҳририятига ушбу маҳалладан мурожаат келиб тушди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 июлдаги «Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида» қарори билан шаҳардаги кўпгина кўчалар кенгайтирилди, реконструкция қилинди, кўп қаватли ва замонавий бинолар қад ростлади. Ушбу қарор ижроси юзасидан кўпгина кўчалар, ҳовлилар бузилди. Албатта, яхши мақсадларда, аҳолини рози қилиб. Қарши шаҳрининг бош режасига асосан кўчаларни реконструкция қилиниши ҳамда қизил чизиққа тушган бинолар бузилиши муносабати билан шаҳардаги «Гулшан» маҳалласида жойлашган Китоб кўчасидаги уйлар ҳам бузилишга тушди.



Бу ишларга оз эмас-кўп эмас тўрт йилча тўлиб қолди. Уйлар, кўчалар бузилди, баланд бинолар ҳам қурилди. Аммо уйи бузилган фуқаролар аросатда қолди. Уларга на компенсация пули берилди ва на уй-жой.


- Биз яшаб турган хонадонлар бузилишга тушгани сабабли 2015 йилнинг 22 июль куни бизга огоҳлантириш хати берилган, - дейди шу кўчада истиқомат қилувчи Шокир Расулов. – Ана ўша йилдан бошлаб кўп қаватли иморат қуриш бошланди. Бу қурилиш таъсирида уй-жойларимизга жиддий зарар етди. Маънавий зарарни айтмаса ҳам бўлади. Яқинда ўғлимни уйлантиришим керак. Қайси уйга келин тушираман? Мана шу вайрон бўлган жойгами? Нафақахўр бўлсак, янги уй-жой қилишга қурбимиз етармиди?
- Ҳовли-деворларимиз қурилиш таъсирида йиқилиб, аянчли аҳволга келиб қолди, - дейди фуқаролардан яна бири Холмамат Амирқулов. – Кўп қаватли биноларга одамлар келиб жойлашган. Ҳовлимиз «дом»нинг ичкари томонида қолган. Ҳожатхонага чиқишга ҳам ийманади киши. Яшаш жуда ноқулай бўлиб қолган.

























