Бугун, 24 июнь куни «Локомотив»нинг янги бош мураббийи Самвел Бабаян матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди. Бу ҳақда Tribuna.uz мухбири хабар беради.

Аввалроқ мазкур анжуманнинг кириш қисмида Бабаян билдирган фикрлар келтириб ўтилган эди.

– (интернет орқали мухлислар йўллаган савол) Сиз ўзингизни ўзбек футболига фойдали инсон деб ҳисоблайсизми? Агар ҳа бўлса, футболимизга қандай фойдангиз борлигини тушунтириб ўтсангиз. 

– Бу саволни берган мухлисга жавобим шундай: ҳурматли мухлис, мен ўз-ўзимга баҳо бера олмайман. Менинг фаолиятимга тарих баҳо беради. Лекин менимча, ҳурматли мухлис, мен «Пахтакор»да ишлаган вақтимда миллий жамоага 42 футболчини тарбиялаб бердим. Қўл остимдан чиққан 200 нафар футболчи турли ёшдаги терма жамоаларда ўйнади, улар орасида жаҳон чемпионатларида қатнашиб, Осиё чемпиони бўлганлари ҳам талайгина.

Қолаверса, ўзбек футболининг байроқдори «Пахтакор» мен келганимда етакчи ўринларда эмас эди. Ўша вақтда «Нефтчи» ҳаммадан олдинда юрарди. «Пахтакор» ҳақиқатда ўз анъаналарини қайтара олди.

Оддий болакай, катта футболда ўйнамай, спортнинг бу турини чин дилдан яхши кўриб, жамоа администраторидан ўзбек футболининг байроқдор клуби бош мураббийи бўлиши ва кейин миллий жамоани бошқаришгача етиб бориши – менинг ўзбек футболига қўшган ҳиссам шубҳасиз эканини англатади. Баҳони, албатта, тарих беради.

Менинг «Локомотив»даги вазифам фақатгина асосий жамоага жавоб бериш эмас, балки кейинроқ ўз мевасини берадиган вертикал тизимни яратишдир. 7 ёшида бу клубга келган ҳар бир бола «Локомотив» учун фидойи бўлиши, шу клуб фалсафасида улғайиб, асосий жамоада ўйнашни мақсад қилиши керак.

– Миллий жамоада ишлаган пайтингиздаги хатоларингизни тан олиб, мухлислар олдида узр сўрайсизми?