Жорий йилнинг май-июнь ойларида «Buyuk Kelajak» ХННТ томонидан 2035 йилгача Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ривожланиш стратегияси лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамалари ташкил этилди.

Стратегия мақсадлари

Ҳозирги шиддатли замонда мамлакатнинг узоқ муддатли ривожланиш моделини белгилаш ва барча соҳаларда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб қувватлаш зарур. Ўзбекистон Республикасининг 2035 йилгача ривожланиш стратегияси «Buyuk Kelajak» экспертлари томонидан ишлаб чиқилиб, мамлакатимизни дунёнинг иқтисодий ривожланган 50та мамлакатига киришини таъминлашга қаратилган. Концепция давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, инновациялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш каби асосий йўналишларни ўз ичига олади.

Ҳужжат ким томонидан ва қай тарзда ишлаб чиқилган?

Стратегия лойиҳасини ривожланган мамлакатларда яшовчи, турли соҳаларда профессионал тажрибага эга бўлган «Buyuk Kelajak» экспертлари ишлаб чиқдилар. Стратегия устида ишлаш ёндашувлари, таклифлар ва Стратегия концепцияси лойиҳаси «Ўзбекистон 2035» биринчи ва иккинчи халқаро форумлари доирасида муҳокама қилинди. Муҳокамаларда депутатлар, давлат органлари, илмий ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлар иштирок этди. Олинган тавсиялар асосида Стратегия концепциясининг лойиҳаси такомиллаштирилди.

Жамоатчилик муҳокамалари нима мақсадда ташкил этилди?

Стратегия лойиҳасига жамият ҳаётининг асосий жабҳаларига оид таклиф ва тавсиялар киритилганлиги сабабли, кенг жамоатчиликнинг фикрини ўрганиб чиқиш зарур деган тўхтамга келинди. Шунинг учун Ўзбекистонда яшовчи жинси, касби ва миллатидан қатъий назар барча учун ҳужжат мазмуни бўйича фикр билдириш ва баҳолаш имконияти яратилди.

Жамоат муҳокамалари қандай ўтказилди?

Жамоатчилик муҳокамалари доирасида «Buyuk Kelajak» экспертлари ЖИДУ, ТДЮУ, Тошкент Халқаро Вестминстер Университети, Ўзбекистон банк ва молия академияси, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби ва бошқа олий таълим муассасаларида Стратегия бўлимларининг тақдимотларини ўтказдилар. Учрашувларда магистрантлар, докторантлар ва ўқитувчилар иштирок этишди.